ИСТИҚЛОЛ ШУКУҲИ
Мустақиллик… Улуғ аждодларимиз орзу-умидлари, юртимиз тараққиёти, халқимиз келажаги, ҳар бир ватандошимиз қадр-қиммати, таянчи ва ифтихори мужассам ушбу муборак каломда! У халқимиз учун ўз тақдирини ўзи белгилаш, қадр-қимматини англаш, муносиб ҳаёт кечириш, барча соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, озод ва фаровон ҳаёт барпо этиш имконини берди.
Муҳтарам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ халқимиз маънавий меросининг дурдоналари бўлган муборак қадамжоларда кенг кўламли таъмирлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Бахоуддин Нақшбанд, Ҳожа Аҳрор Валий, Имом Мотурудий ва Бурхониддин Марғиноний каби буюк алломаларнинг таваллуд тўйлари тантанали равишда нишонланди. Уларнинг ҳоки поклари қўним топган гўшалар обод этилиб, зиёратгоҳлар барпо қилинди.
Халқимиз азалий қадриятларининг асоси бўлган Ислом дини ҳам янада юксалди. Ҳозирги кунда мусулмонлар ўз ибодатларини адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари – Рамазон ва Қурбон ҳайитлари расмий байрам кунлари сифатида эътироф этилди.
Мустабид тузум даврида Ҳаж сафарига бориш ҳам қийин бўлиб, сафарга борувчилар сони ниҳоят даражада чекланган эди. Истиқлол шарофати билан юртдошларимиз бевосита давлатимиз кўмагида муборак Байтуллоҳни зиёрат этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ҳозирда ҳар йили 11 мингдан зиёд юртдошимиз Умра ва Ҳаж ибодатларини адо этишга муяссар бўлмоқдалар. Жумладан, шу кунга қадар 145 мингдан ортиқ киши муборак сафарларга бориб қайтди.
Мустақил Ўзбекистонимизнинг асрларга татигулик 27 йиллик тарихи давомида рўй берган ўзгаришлар ҳар бир кишининг ҳаётида ўчмас из қолдирди, десак асло муболаға бўлмайди. Мўмин-мусулмонлар диний ибодатларини эмин-эркин адо этмоқдалар, ёшларимиз олий ва ўрта-махсус ислом билим юртларида таълим олишмоқда. Давлатимиз томонидан бу эзгу ва олижаноб ишларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имкониятлар яратиб берилди. Бу ҳақда Юртбошимиз шундай фикрларни илгари суради: «Биз боболаримизнинг муқаддас дини бўлган Ислом динини қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз, одамзод руҳий дунёсида имон-эътиқодни, инсоний фазилатларни мустаҳкамлашда унинг ўрни ва таъсирини юксак баҳолаймиз».
Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,
туман бош имом хатиби.

