ҲОЖИЛАР КУТИБ ОЛИНДИ

Мамлакатимиз мусулмонларига муборак Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этишлари учун йилдан-йилга қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқдаки, бунинг натижасини «Ҳаж – 2018» сафари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Жорий йилда туманимиздан жами 55 нафар зиёратчи Ҳаж сафарига бориб, амалларни адо этди.

Ҳаж сафаридан бир олам таассуротлар билан қайтган Деҳқонобод маҳалласида яшовчи «Халқ таълими аълочиси» Саломатхон ая Турғунова қирқ йиллик фаолияти давомида 11-МТМда тарбиячи, услубчи, мудира бўлиб ишлаган. Фарзандлари Улуғбек, Акмалшер, Наргиза, Нилуфар, келинлари Шаҳноза, Матлубалар ҳам бугунги кунда таълим соҳасида самарали фаолият кўрсатишмоқда.

-Ҳаж сафарига бориш ва келиш жараёнида бизларга  кўрсатилган эътибор ҳақида ҳар қанча гапирсак, раҳмат айтсак, арзийди, -дейди Саломатхон ая. -Ўттиз бир кун давомида шифокорларнинг доимий назоратида бўлдик. Ошпазлар ҳам алоҳида хизмат кўрсатишди. Зиёрат давомида қийналмадик, нимаики зарур бўлса, ҳаммаси аъло даражада ташкил этилди. Бундан чексиз миннатдормиз.

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида туман ҳокими в.б. Муҳаммадаюбхўжа Апақов, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳожиларни кутиб олишди. Ҳожилар сўнгги йилларда юртимизда фуқароларга Юртбошимиз томонларидан яратилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун чуқур миннатдорчилик билдирдилар. Қолаверса, юртимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги, муҳтарам Президентимизнинг соғ ва саломат бўлишлари, халқимиз учун амалга ошираётган эзгу ишлардан асло чарчамасликлари, фидокор халқимизнинг барча эзгу ниятлари амалга ошишини, миришкор деҳқонларимизнинг деҳқончиликларига Аллоҳдан барака сўраб, дуо қилдилар.

Мирзамаҳмуд ТЎХТАБОЕВ,

таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси.