ПАХТАЗОР ЧОРЛАЙДИ
Далаларда пахталар чаман-чаман, қийғос очилган. «Қизилравот ирригатор» СИУ ҳудудидаги йигирмага яқин фермер хўжалиги пахтазорида бугун ана шундай қувончли ҳолатни кўриш мумкин.
СИУ раҳбари Раҳимжон ака Сиддиқов билан «Қодиржон Жаҳонгир саховати» фермер хўжалиги томон йўл олдик. Ҳамроҳимнинг айтишича, бу хўжаликка аввал Қодиржон Мирзомиддинов раҳбар бўлган. У кўп йиллар собиқ «Қизилравот» совхозида инженер, партия етакчиси бўлиб ишлаган. Учинчи йилдирки, у бошлаган хайрли ишни ўғли, 8-мактабда ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатган Олимжон Мирзомиддинов давом эттирмоқда.
Пайкалга етиб келганимизда, бу ерда терим авж паллага чиққанининг шоҳиди бўлдик.
-Учинчи кундирки, фермер теримни сусайтиргани йўқ, -дейди Раҳимжон ака қўлидаги маълумотларга қараб. -Биринчи куни 14, иккинчи куни 20 тонна пахта топширди, бугун 25 тонна пахта терилибди.
Пахтазорда 38, 39-отрядлар раҳбарлари Назокат Эргашева, Сайдулло Собировлар икки юзга яқин ҳашарчи ва фермер хўжалиги аъзолари билан теримни қизғин давом эттиришаётган экан. Уларни суҳбатга тортдим.
-Қалб амри билан ҳашарга чиқаётган теримчилар анча, -дейди Назокат Эргашева. -Мафтуна Тоштемирова, Ойдина Абдураҳмонова, Ойдина Жавҳарова, Раҳимжон Қосимов, Нигора Тўйчиева, Саида Турсуновалар оила аъзолари билан 200 килодан ошириб пахта теришди. Энди уч кунлик якуни бўйича уларни рағбатлантиришни кўзлаб турибмиз.
Раҳимахон Ҳасанова деб ўзини таништирган онахон пахта катта машаққатлар билан етиштирилиши ва уни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олинишида фахрийлар ҳам четда турмасликларини, ўзи ҳам ҳар куни теримга чиқаётгани ва бундан мамнунлигини билдирди.
Ҳашарчиларнинг уюшқоқлиги, теримчиларга яратилаётган шарт-шароит, албатта, юқори натижалар қўлга киритилишида асқотади. Шундай экан, теримчиларнинг шижоати асло сўнмасин. Суръатни эса кун сайин оширмоғимиз зарур.
Муҳаммад АЛИ.

