МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ

Яқинда туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида туман прокуратураси ташаббуси билан туман ҳокимлиги, туман бандликка кўмаклашиш маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда соҳага дахлдор бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида  «Меҳнат ярмаркаси» бўлиб ўтди.

Тадбир давомида асосий эътибор коллеж ва олий таълим муассасалари битирувчилари, чет давлатларда бўлиб, яшаш манзилига қайтган фуқаролар ва жазодан озод этилган шахслар бандлигини таъминлашга қаратилди.

-Мазкур ярмаркада фаолият кўрсатаётган 86 дан зиёд корхона ва ташкилот мавжуд 535 дан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди, -дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори  Жаҳонгир Мадраҳимов. -Кун бўйи давом этган тадбирда 306 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилди ва улардан 244 нафарининг талаби қондирилди.

Шунингдек, тумандаги тижорат банклари томонидан 12 нафар фуқарога кредит олиш учун йўлланма берилиб, Уйчи иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 20 нафари «Муборак Пюри силк» МЧЖга ишга жойлаштирилди.

Рустам НИШОНОВ,

“Ҳамкорбанк” туман филиали менежери.