ҲОВЛИГА КИРИШ ОДОБИ

Муқаддас динимиз инсонларни ҳамиша юксак одоб-ахлоқли бўлишга чақиради. Айниқса, кунда тез-тез юз берадиган ва одатий ҳолга айланиб қолган баъзи ишлар борки, уларнинг ҳам ўз одоб ва тартиблари бор. Биз қуйида кўчадан келганда эшикдан ҳовлига кириш одоби тўғрисида динимиздаги қоидалар ҳақида тўхталамиз.

-Киши ташқаридан ҳовлига кираётганда эшикни қаттиқ, зарб билан қоқмаслиги ва қўполлик ила ёпмай, оҳиста тақиллатиши керак. Уйга киришда ҳам, чиқишда ҳам хонадон аҳлларига: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи  ва баракотуҳ», деб салом берилади. Пайғамбаримиз (САВ) бизларни шундай салом беришга чақирганлар. Ходимлари ва содиқ саҳобалари Анас (РА)га таълим бера туриб: «Эй ўғлим! Аҳлингиз олдига кирганингизда салом беринг, сиз ва аҳлингиз учун барака бўлур», -деган эдилар.

Ишдан ёки бирор сафардан қайтилаётганда уйдагиларни огоҳлантириб, хабардор қилиб қўймоқ лозим. Абдуллоҳ ибн Масъуд (РА)нинг ўғиллари Абу Убайда Омир айтадилар: «Отам ҳовлига киришдан олдин келганларини билдириб қўйиш учун то ичкаридагилар танигунларича баланд гапирар, овозларини кўтарар эдилар». Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Киши уйга кирганда томоқ қириши, йўталиб қўйиш ва оёқ кийимларини тақиллатиб қўйиши мустаҳаб саналади”. Шундай қилинса, уйдагилар ноқулай вазиятга тушиб қолмайди. Кирилаётганда кийимга илашган ва ёпишган нарсалар тозаланади.

Киши ичкарига киришдан олдин изн сўра-ши ҳам гўзал одоблардан ҳисобланади. Изн ота-она, ўғил-қиз, опа-сингил, ака-укалардан сўралади. Имом Молик «Муватто» асарида келтирадилар: «Ато ибн Ясордан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ (САВ)дан сўради: «Онамдан изн сўрайманми?». У зот: «Ҳа» -дедилар. У киши яна деди: «Онам билан бир уйда бўлсам ҳам-а?» У зот: «Изн сўра», -дедилар. Ҳалиги киши: «Мен унинг хизматчиси (дастёри)ман», -деди. У зот: «Изн сўра, ёки уни (онангни) кийимсиз кўришни хоҳлайсанми?» -дедилар. Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлолари Нофеъ айтади: «Ибн Умар болаларининг баъзилари балоғат ёшига етгач, хоналарини бошқа қилиб қўйди. Фарзандлари унинг ҳузурига изн сўрамай  кирмайдиган бўлишди». Ибн Аббос (РА) эса изн сўрашни барча инсон учун вожиб, деганлар.

Дўсту ёр ва қариндошлар зиёратига борилганда, юқорида айтилганидек, уларнинг эшиклари ҳам оҳисталик билан қоқилади. Имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад» асарида келти-ришларича, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз (САВ) эшикларини тирноқлари билан аста қоқиб қўяр эканлар. Агар ичкаридагилар эшитмаса, бироз қаттиқроқ чертилади. Аммо жаҳл, шиддатли ва қайта-қайта тақиллатилмайди. Шунда таҳорат қилаётган, намоз ўқиётган ва таом еяётган инсон ўз ишини ниҳоялаб олади. Сўнг изн бўлса, кирилади, акс ҳолда, малол олмай қайтилади. Бундан ташқари, келган киши айнан эшикнинг рўпарасига туриб олиши яхши эмас. Ўнг ва чап тарафга ўтиб туриши керак. Пайғамбаримиз (САВ) ҳам доим шундай қилганлар.

Ичқаридан: «Ким?» деб сўрасалар, киши «Мен» деб эмас, айнан кимлигини, исмини айтиши, овозини ўзгартирмаслиги, бошқанинг овозига ўхшатиб гапирмаслиги зарур. Расулул-лоҳ (САВ) эшик тақиллатувчининг «Мен» дейишини ёқтирмас эдилар. Саҳобалар ҳам доим ўзларини танитар, дарҳол исмларини айтардилар.

Яна изн сўраган киши киришга рухсат берилишидан олдин, нигоҳларини уй ичига қаратишдан сақламоғи шарт. Савбон (РА) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (САВ): «Кишига изн сўрамай, уй ичкарисига қарамоғи ҳалол эмас. Агар шундай қилса, батаҳқиқ, кирибди», дедилар. Яъни, изн сўрашдан олдин қараса, изн сўрамай кирган киши ҳукмида бўлади. Зеро, бу иш динимизда ҳаром ҳисобланади.

Аъзамжон ДЕДАМИРЗАЕВ,

“Машҳад мозор” масжиди имом хатиби.