ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА
Жорий йилнинг 27 июль куни «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сонли Фармон қабул қилинди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳужжатга асосан 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил апрелдан молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга мавжуд бўлган, қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорликларга ҳисобланган пеня, шунингдек, молиявий жарима суд харажатлари натижасида ҳисобланган қарздорликлар тўлалигича ҳисобдан чиқарилади. Бунда фақатгина битта шарт қўйилмоқда, холос. Яъни, тадбиркорлар 2019 йилнинг 1 январь кунига қадар фаолиятини тикласа ёки белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтса, шунинг ўзи кифоя. Шунда қарздорлик бекор қилинади.
Фармонга биноан, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширишлар бекор қилинди.
Шу қатори, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб текширишларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузилиш ҳолатларини содир этиш хавфи даражасидан келиб чиққан ҳолда хавфни таҳлил этиш тизими натижалари асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар текширишларни ягона электрон рўйхатга олиш тизимининг бошланғич версиясини ва 2019 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ версиясини амалиётга киритади.
Молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган юридик шахсларни тугатиш тартиби соддалаштирилади ҳамда солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги бўлган, фаолиятини икки ой муддатдан бери амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиш тартиблари такомиллаштирилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати, 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб кўчмас мулкка – ер майдонлари, бино ва иншоотлар ва кўп йиллик дов-дарахтлар бўлган ҳуқуқларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш тартиби бекор қилинмоқда. Шунингдек, ҳужжатга асосан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида махсус жамғарма ташкил этиладиган бўлди.
Жамғарманинг асосий вазифаси жисмоний ва юридик шахсларга бузилган бинолар ўрнига компенсация тўловларини амалга ошириш ҳисобланади ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари тегишли биноларни бузишдан аввал ушбу жамғарма билан келишиши шартлиги Фармонда ўз аксини топди.
Алимардон ПЎЛАТОВ,
туман ДСИ ходими.

