ЭЗГУЛИК ҲАМИША ҒОЛИБ

Адабиётимиз дарғаларидан бири ўз шеърида «Тақдирни қўл билан яратур одам», -деб ёзган эди. Ҳаётда эса «Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмас», -деган нақл кўп айтилади. Мушоҳада қилиб кўрсак, бу икки қарама-қарши фикрларда жон бордек. Қай бир инсон умри давомида яхшиликни шиор қилган ҳолда ҳалолу пок яшайди, ҳаёти ҳаловатда ўтади. Кимдир ноинсоний ишлар ила машғул бўлади, охири залолатга ғарқ бўлади. Бу икки хил турмуш тарзининг акси бўлиши ҳам мумкин. Хуллас, инсон  тақдири азалда битилган ва шу битик асосида кечади.

Қўлимга уйчилик қалам соҳибаси Раъно Асқарованинг «Уч тақдир» номли романи тушиб қолди. Муқова безагиданоқ бу китобга қизиқишим ортди ва ўқиб чиқдим. Аввало, туманимизда ҳаётни, турмуш асрорларини, халқимиз руҳиятини, удумларини, менталитетини, ёшлар ўртасидаги нозик муносабатларни теран англайдиган, сўз бойлиги бисёр, қалами равон  адиба яшаётганидан қувондим. Асар мавзуси ғоят долзарб бўлиб, бугунги истиқлол даври ёшларининг (асосан элита ёшларнинг) мақсад-муддаоси, илмга ташналиги, эл-юрт учун камарбасталиги, садоқат, муҳаббат, фидойилик масалалари реалистик тарзда ифода этилган.

Асар бош қаҳрамонлари – уч дугона Мафтуна, Феруза, Гулюз ўртасидаги пок дўстлик, меҳр-оқибат ҳар қандай инсон  қалбида эзгулик уйғотади. Уларнинг, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, «ўзи поку, юзи поку, сўзи пок». Шундай бўлса-да, тақдир улар бошига кўп изтиробли кунларни солади, аммо қизлардаги сабр-бардош, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳрибонлик кишини ҳайратга солади. Улар чинакамига мустақил юрт учун муносиб ворислар сифатида гавдаланади.

Роман воқеалари ривожида бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган, бизнинг юртимиз, халқимиз учун нохос бўлган иллат – гиёҳвандлик балосининг даҳшати ғоят таъсирли ва ишонарли ёритилган. Қанча оилаларни барбод этган, кўплаб норасидаларни етим қилган, гулдек йигитларни хароб этган бу балонинг содда, самимий одамларнинг усталик билан ўз домига тортиш жараёни ҳам моҳирона тасвирланган.

Асар сўнгида барибир яхшилик, эзгулик тантана қилади, ёмонлик, разиллик муносиб жазосини олади.

Китобнинг муҳаррир ва мусаҳҳиҳларига бироз эътирозимиз бор: айрим имловий хатоликлар эътибордан четда қолган. Аммо бу романнинг қимматига путур етказмаган.

Муаллиф Раънохонга келгусида ижодий зафарлар тилаган ҳолда ундан янги-янги асарлар кутиб қоламиз.

Ўринбой МЎМИНОВ.