ОТАМИЗДЕК УЛУҒ ЗОТ

Ўз ўқувчисида меҳнат қилишдан, билим олишдан завқланиш хислатларини уйғота олган муаллим шарафларга лойиқдир. Ҳақиқатан ҳам, устоз ва мураббий ана шундай буюк зотдир. Улардан умр бўйи қарздормиз. Негаки бу зотлар бизни тарбиялайди, маънавий бойлик билан тўлдиради, гўзал фазилатлар билан чирой ва оро беради. Жаҳолат деган айбдан холи ва озод қилади. Уларнинг машаққатли меҳнати эвазига олган билим, тарбия, малакаларимиз сабаб, ҳаёт йўлларида тунларимиз ойдин, марраларимиз юксакдир. Устоз ёшлик гулшанининг  боғбонидир. Чиройли  ҳайкалча ясаб, унга жон бахш этишдан кўра, ёш ақлни парваришлаб, ёш қалбни гўзал тарзда тарбиялаш, кўпроқ шарафга лойиқдир. Бирон соҳа йўқки, унга устозларнинг алоқаси бўлмаса. Шунинг учун устоз деган номни ҳамиша катта эъзоз ва ҳурмат билан тилга оламиз. Буюк номга, таҳсинга, эътиборга, йилнинг фақат бир кунини эмас, барчасини тортиқ этишга лойиқ, азиз устозим, устозларим, ҳамкасбларим, байрамингиз муборак бўлсин!

Муаллим

Навоийга алифбони ўргатган ҳам ўзингиз,

Ҳаёт сирин фош этади, айтган ҳар бир сўзингиз.

Қуёш каби нурли сизнинг бу оташин юзингиз,

Мадҳингизни куйламоққа ожиздир бугун тилим.

Сизга таъзим, минг ташаккур, таъзим сизга, муаллим!

Тўлин ойдек ёритувчи сиз илмнинг чироғи,

Иймони бут пок қалбингиз тафаккурнинг булоғи,

Сиз берган бу меҳр нурин йўқдир сира адоғи,

Шу туфайли мен ҳам бугун топдим фаровон йўлим.

Сизга таъзим, минг ташаккур, таъзим сизга, муаллим!

Нодира АКБАРОВА,

41-мактаб ўқитувчиси.