УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ
Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга ҳисса қўшаётган фидойи устозлар доимий эътиборда. Ҳар йили 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинаётгани ҳам уларга кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Сана муносабати билан «Хизробод» тантаналар мажмуасида байрам тадбири бўлди. Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов халқ таълими фидойилари, фахрий устозларни байрам билан самимий муборакбод этди. Юртбошимиз Фармонига кўра, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган 26-мактабнинг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси Махпратхон Мўминовага қимматбаҳо совға тақдим қилинди. Шунингдек, бир гуруҳ таълим жонкуярларига туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари, «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонлари топширилди.
Тантанада туман ХТБ мудири Шуҳратжон Муродов, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева, Ўзбекистон «Адолат» СДП туман кенгаши раиси Фарида Отахонова, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Эътиборхон Юнусова, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоевлар ҳам самимий тилаклар билдириб, эсдалик совғаларини тақдим қилдилар.
Туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан байрам концерт дастури намойиш этилди.

