ЎҚУВЧИЛАР САЁҲАТИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти маблағи асосида Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими томонидан «Ёшлар тарбияси – кексалар нигоҳида» давлат гранти доирасида кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири турли миллат вакилларидан иборат ёшлар иштирокида Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига саёҳат уюштириш эди. Ўтган ҳафта қирқ нафар ўқувчи музейга саёҳатга борди.
-Мен 9-мактабда ўқийман, -дейди ёш ижодкор Шокиржон Турдибоев. – Мактабда «аъло» баҳоларга ўқиш билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб тураман. Ана шуларни эътиборга олиб, мени ҳам саёҳатга таклиф қилишганидан мамнунман. Музейга биринчи бор келишим. Фонд, тарих ва мустақиллик, табиат, маънавият, санъат ва адабиёт, археология бўлимлари, қушлар экспонатлари, шоир ва ёзувчилар ҳаёти акс этган фотосуратлар менда катта таассуротлар қолдирди.
-Фаол ўқувчиларни рағбатлантириб боришга ҳаракат қиламан, -дейди Дўстлик МФЙнинг кекса ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Акмалжон Мажитов. -Бугунги саёҳатга ҳам ўнга яқин энг билимдон, жамоат ишларида фаол ўқувчиларни жалб қилдим.
Тадбир ниҳоясида болалар ширинликлар билан сийланди.

