ТАДБИРКОР ФАРОВОНЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛСИН
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ҳамда бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмалардан самарали ва оқилона фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Жорий йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3939-сонли қарори ҳам юқоридаги долзарб масалаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан туман ҳокимининг 17 сентябрдаги 1028-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, туманимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комиссия тузилди. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
-тадбиркорликни ривожлантиришга, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш;
-тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга ошириш;
-туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолатини, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва бошқа инфратузилмаларни ўрганиш, шунингдек, уларни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
-туманнинг эҳтиёжи ва салоҳиятидан келиб чиқиб, инвестиция киритишни талаб этадиган истиқболли лойиҳаларни ҳамда бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини ўрганиш ва аниқлаш;
-таклиф қилинаётган истиқболли лойиҳаларни тезкор кўриб чиқиш чораларини кўриш, салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар, учрашувлар ўтказиш.
Янги ташкил этилган ушбу комиссия шу кунларда кенг қамровли фаолиятини амалга оширишга изчил киришди. Секторлар кесимида бўш турган объект ва ер участкаларини аниқлаш, ўрганиш бўйича ишлар ниҳоясига етказилди. Ҳар бир ҳудуд мониторингдан ўтказилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлиги масаласида натижадорликка эришиш борасида дастлабки қадамни қўйдик. Фаолияти тўхтаб қолган Шифокор МФЙ ҳудудидаги «Уйчи текс» биносида яна фаолиятни жонлантириб, 200 та ишчи ўрнини қайта тиклаш масаласи яқин кунларда ўз ечимини топади. Истиқболда бу ерда ишчи ўрнини мингтага етказиш режалаштирилган.
Фарҳод МАМАДАЛИЕВ,
туман ҳокимининг ўринбосари.

