ШАҲРИСАБЗДА МАҚОМ МУЗЕЙИ
унинг фондида 200 дан зиёд экспонат жамланди
Музейлардаги экспонатлар халқларнинг урф-одатлари, тарихи, маданияти, турмуш шароитлари ҳақида маълумотлар берувчи маънавий хазиналар булоғидир. Ундаги ҳар бир экспонат, сурат ёки ҳужжатда бир олам ҳақиқат мужассам. Вилоятимиз тарихи ва маданияти давлат музейи хазинасида ҳам ана шундай ноёб дурдоналардан 60 мингдан зиёди авайлаб сақланади. Айниқса, вилоятимиз тарихига оид кўргазмали воситалар, декорация ва қурилмалар ташриф буюрувчиларнинг дунёқарашлари янада кенг ривожланишига хизмат қилади. Маданият бўлимида эса таниқли рассом ва ҳайкалтарошларимизнинг асарлари, миллий чолғу асбоблари, театр санъати дарғаларининг фотосуратлари бой таассуротлар уйғотади.
Музей фонди янги-янги маълумотлар билан бойиб бормоқда. Жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган I Халқаро мақом санъати анжуманида Наманган мақом ансамбли жамоасининг иштироки ҳам катта воқелик бўлди. Жаҳоннинг 70 дан зиёд мамлакатидан келган юксак даражадаги мақом мутахассислари орасида вилоятимиз санъаткорларининг иштироки эса Наманганда ҳам анъаналар муносиб давом этаётганидан дарак беради.
Шаҳрисабзда бу форумга катта тайёргарлик кўрилди. Мамлакатимизнинг барча вилоятлари учун 14 та этно шаҳарча қурилди. Уларда ҳудуд вакиллари ўзларининг кўргазмалари, фольклор жамоалари чиқишларини ташкил этдилар. 86 гектарли фестиваль ҳудудидаги амфитеатрда 1800 томошабин ўринлари яратилди. Мақом ансамблларининг беллашувлари учун гран при 15 минг АҚШ долларини ташкил этди. Маҳаллий медиа вакиллари учун 50 миллион сўмлик мукофот фонди таъсис қилинди.
Анжуман доирасида ҳар бир ҳудуднинг урф-одатлари, таомлари, анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмаларнинг ташкил этилганлиги хориждан келган меҳмонларда ўша ҳудуд ҳақидаги тасаввурларининг кенгайиши таъминланди. Бу борада ҳам вилоятимиз жамоаси ўзларига ажратилган павильонларда барчани ўзига чорловчи экспонатлар ташкил этишди.
Дарҳақиқат, бу халқаро форумнинг биринчи кунида 70 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган бўлса, иккинчи иш кунида уларнинг сони 200 мингдан ошиб кетди. Бу, ўз навбатида, ўзбек мақом санъатига бўлган эътиборни кўрсатади. Вилоятимиз санъаткорларининг катта саҳнадаги чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Жамоанинг бадиий раҳбари Мақсуд Тўрақулов, хушовоз хонанда Музаффар Нишоновларнинг таассуротларига кўра, водий санъати ўз миллий дурдоналарини муносиб намойиш эта олди. Хусусан, Шаҳрисабзда мақом музейининг ташкил этилиши, қисқа муддатларда 200 дан зиёд экспонатнинг жамланиши ҳам санъат ва маданиятимизнинг чуқур қадимий илдизлари мавжудлигидан далолат беради. Эрон делегацияси аъзолари мақом музейига Эрон миллий мусиқаси тарихи ҳақидаги китобни совға қилишди. Ушбу китоб Эроннинг етти шаҳрида яратилган бўлиб, 100 йиллик даврни ўз ичига олади. Эрон мусиқа-сининг ўзига хос жиҳатлари ва унинг ривожи босқичлари ҳақида маълумотлар беради. Китобда 8 та СД дискида 300 дан ортиқ ноёб трек ёзилган. Бу каби хайрли ишлар натижасида музейнинг ноёб фонди тўлдирилиши баробаридаги Шарқ халқларининг мусиқаси, маданияти ҳақида маълумотлар кенгаяди.
Бизнинг вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг маданият бўлимида вилоятимиз мақомчиларининг халқаро анжумандаги иштироки ҳақида ҳикоя қилувчи махсус бурчак ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Хуршида УСМОНОВА,
вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими.

