ПЕНСИОНЕРЛАР УЮШМАСИ ТУЗИЛДИ
Ўтган ҳафта 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси Уйчи тумани кенгашининг ташкилий конференцияси бўлди.
Уни Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси вилоят кенгаши раиси Баҳодир Атамирзаев очди ва бошқариб борди. Дастлаб туман кенгаши тузилди. Сўнг унинг аъзолари ва раҳбари сайланди. Халқ таълими фахрийси, ташкилотчи, фаоллардан Манзурахон Валижонова бир овоздан туман кенгаши раиси этиб сайланди.
Конференцияда Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси марказий кенгаши раиси ўринбосари Пахриддин Аҳмаджонов, вилоят кенгаши бош мутахассиси Фотима Холбековалар иштирок этиб, мазкур уюшманинг фаолияти ҳақида йиғилганларга маълумот бердилар. Хусусан, уюшмага ихтиёрий аъзо бўлиш, ҳомийлик ёрдами орқали пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш, дам олдириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, энг чекка ҳудуддаги ҳар бир пенсионерга кўмаклашиш, уларда умид уйғотиш асосий мақсадлардан эканлиги тушунтирилди. Шу куни конференцияда қатнашган саксонга яқин пенсионер ушбу уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирди.

