ТЕЗКОР ВА ҚУЛАЙ ТИЗИМ
Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари интернетдаги Ягона интерактив давлат хизматлари портали(www.my.gov.uz)га мурожаат этиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.
Бошқача айтганда, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқаро «Ягона дарча» марказига бормасдан туриб ҳам, порталдаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунинг учун атиги ўттиз дақиқа кифоя.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини қонун билан ҳимоя қилиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айтиш мумкинки, барча соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
«Ягона дарча» марказларининг афзаллиги шундаки, тезкор ва қулай бу тизим тадбиркорларимизнинг турли давлат идоралари эшиги олдида навбат кутиб, ортиқча вақт ва сарф-харажат қилишига чек қўйди. Барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини назорат қилиб бориш адлия органлари зиммасига юклатилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори тадбиркорларга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, замонавий АКТдан фойдаланиш кўламини янада ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришда муҳим қадам бўлди. Қарорга мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар (банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиал ва ваколатхоналаридан ташқари), барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш «Ягона дарча» марказлари томонидан амалга оширилади. Бу билан тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг мавжуд тарқоқ тизими яхлитлашди. Интернетда «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси ишга туширилгани ҳам эътиборлидир. Эндиликда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда лицензиялар олиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, тадбиркорлар учун қулай шаклда рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш мумкин.
Орзухон ХОЛБОЕВА,
тумандаги 1-сонли давлат нотариал идорасининг катта нотариуси.

