ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Юртбошимизнинг жорий йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижросининг туманда бажарилиши юзасидан 4 та сектор вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

«Yoshlar – kelajagimiz» жамғармасининг туман бўлими мутасаддилари, ёш тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган учрашувда туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари Абдураҳмон Худойбердиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Анваржон Атақўзиев, «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси туман филиали раҳбари Собиржон Умаровлар тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

Учрашувда ёш тадбиркорлар, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланди, аксариятига жойида ечим топилди.

ЁШ ОИЛАЛАР ФИКРИ ЎРГАНИЛДИ

Куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан туманимиздаги ўттизга яқин оила қурган ёшлар иштирокида «Ёш оилалар турмуши даврида кенг учрайдиган муаммолар» мавзусида социологик сўров ўтказилди. Ёш оилалар вакиллари мазкур тест саволномасидаги саволларга жавоб қайтардилар.

Достон АҲМАДЖОНОВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши бош мутахассиси.