СИЗ ҚАНДАЙ ОТА-ОНАСИЗ?

Сарлавҳани кўриб, бошқача хаёлга борманг. Эътиборингизни тортиш учун шундай дедик, холос. Қўлига газета олиб, маърифат излайдиган киши, албатта, яхши инсон бўлади. Шубҳасиз, сиз фарзандларингизнинг илм-ҳунар эгаллашига ҳам жиддий эътибор берасиз. Айниқса, ўғил-қизингизнинг тарбиячи ва ўқитувчилари билан яқин алоқадасиз, уй вазифасини бажаришларига оқилона ёндашасиз.

Мен инглиз тили ўқитувчисиман. Сиз каби ота-оналар борки, фарзанди чет тилини қандай ўзлаштираётганлиги билан қизиқади, унга уйда қандай ёрдам бера олиши ҳақида услубий йўл-йўриқлар сўрайди. Табиийки, бошланғич синфларда ўқувчилар товушларни талаффуз қилишда қийналишади. Ҳолбуки, ана шу кўникмани эгалламай туриб, инглиз тилини аъло даражада ўзлаштириш мумкин эмас. Ота-оналар билан шу муаммо юзасидан маслаҳатларимиз пировардида бир тажриба туғилди. Мен бола уйда ўқиб келиши керак бўлган матнларни ота-оналарининг овоз ёзадиган телефонларига дона-дона қилиб ўқиб берадиган бўлдим. Улар уйда фарзандларига телефондаги овозни эшиттириб, талаффуз қилишларига ёрдамлашадилар.

Ўрни келганда баъзи ота-оналаримиздаги лоқайдликдан гина қилгим келади. Ота тирикчилик билан бандлигини айтади, она рўзғор юмушларидан ортмаслигини рўкач қилади. Боласини қайси фандан ким ўқитишини билмайдиганлар бор. Фарзандида қайси соҳага қизиқиш, қандай қобилият учқунлари нишона кўрсатаётганлигига беписанд кишилар учрайди. Бундай ота-оналар назарида таълим ва тарбияни фақат таълим муассасалари жамоаси бериши керакдек.

Ҳолбуки, оила болани шахс сифатида шакллантирадиган институт экан, ота-она томонидан фарзанднинг илму ҳунар эгаллаш борасидаги ҳаракатларининг кундалик якуни чиқарилиши, баҳоланиши керак. Шундай қилмаган ота-она боласи 9 ё 11-синфни тугатаётгандагина «Ким бўласан?», «Нимага қизиқасан?», «Қайга топширасан?» -деган саволлар билан унинг қотиб бўлган бошини баттар қотиришади. Болада эса унинг бошланғич ва қуйи синфларда ўқитувчининг фидойилиги билан намоён бўлган қобилият учқуни ота-онанинг қўллаб-қувватламагани туфайли аллақачон ўчиб, қизиқишлари ўрнида лоқайдлик қолган бўлади.

“Қарс – икки қўлдан”, деган нақл бор. Таълим муассасалари ходимлари ўзлари учун яратилган қулайликлар, имтиёзу ғамхўрликлардан рағбатланиб, ўз билим ва малакаларини кунма-кун оширмоқдалар, таълим-тарбия сифатини тубдан яхшилаш учун барча чора-тадбирларни кўрмоқдалар. Бизнинг сидқидилдан интилишларимиз ота-оналар ўз бурчларини адо этиши билангина кутилган натижани беради. Яъни, улар фарзандларини мактабга, билим олишга қизиқишини кучайтириши, қайсидир фан бўйича истеъдоди сезилса, тегишли ўқитувчи билан янада фаолроқ ҳамкорликка киришиши керак.

Зеро, барча фанлар каби инглиз тили ҳам ёшларимизнинг мукаммал инсон бўлиб шаклланишида бош мезонлардан бирига айланди. Чет тилини ўқитиш ва ўзлаштириш, сиртдан қараганда, жуда қийин ишга ўхшайди. Аммо бугунги кунда жорий этилаётган педа-гогик технологиялар, замонавий техника воситалари, электрон ва кўргазмали жиҳозлар ёрдамида бу жуда осон ва мароқли машғулотга айланди. Олимлар ва устозларимиз томонидан чет тилини билмайдиган ота-она ҳам бу ишни уйда қай тарзда давом эттиришига оид услубий тавсия, йўл-йўриқлар ишлаб чиқилмоқда. Ота-оналар фарзандларининг бахт-иқболи йўлида ана шулардан фойдаланишини истардик. Буни бошлаш эса асло қийин эмас. Ўқитувчилар билан амалий ҳамкорликка киришсалар бўлди.

Нигора МАҲМУДОВА,

Поп туманидаги 6-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.