ХАТАРЛИ ҲОРДИҚ
Дам олиш инсон танаси ва руҳи учун ўта муҳим муолажа. Ҳордиқнинг турли хил кўриниши мавжуд. Шулардан энг эсда қоларлиси табиат қўйнида дам олиш.
Ҳамюртимиз Д.К. ўз ҳамкасблари билан Янгиер маҳалласи ҳудудидаги «Гагарин» дам олиш масканига яхши ниятлар билан борганди. Аммо хушманзара жойларда сайр қилиб, баҳра олишдан кўра, ҳамкасблар дарё бўйидаги салқингина сўрида ёнбошлаб, зиёфат қилишни маъқул кўрдилар. Маишат авжига чиққанда кайфи ошган шерикларнинг гапи гапига тўғри келмай қолди.
Аста-секин ҳақоратли сўзларни ишга солганлар ёқа бўғишгача бордилар.
Ана шундай жанжалкашлардан бири К.А.ни тартибга чақирмоқчи бўлган Д.К. уни бир шапалоқ зарба билан «сийлади». Вақт ўтгач, ўзини нохуш сеза бошлаган К.А.га «Тез ёрдам» чақиришга тўғри келди.
Ичкиликнинг касофати икки ҳамкасбнинг ўртасига совуқчилик солибгина қолмай, жиноий иш ҳам очилди. У жиноят ишлари бўйича туман судида атрофлича кўриб чиқилди. Айбланувчи Д.К.га тегишли жазо берилди.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

