«ҚОЗОҚОВ»МИ «КАЗАКОВ»МИ?
«Қотилга ўлим йўқ озодлик» деган ҳукмда битта вергулнинг жойлашуви айбланувчи тақдирининг ижобий ёки фожиавий якун топишига сабаб бўлган. Бу ривоятдан кўзланган мақсад грамматикани ўрганаётган ўқувчига ҳар бир тиниш белгисининг жойида қўлланилиши қай даражада аҳамиятга молик эканини тушунтиришдан иборат.
Буни қарангки, сўзларда ҳарфларнинг нотўғри ишлатилиши бундан-да каттароқ муаммоларга олиб келиши мумкин экан. Гап исм-шарифларнинг расмий ҳужжатларда бузиб ёзилиши тўғрисида бораётганини аллақачон пайқаган бўлсангиз керак, азиз газетхон. Чунки бунинг оқибатида номлар мутлақо бошқа миллатникига айланиб кетишига кўп бор гувоҳ бўлганмиз.
Тўғри, муаммонинг бош илдизи собиқ иттифоқ даврида расмий ҳужжатлар бериш пайтида юзага келган. Ўша кезлари кирилл алифбесини яхши ўзлаштирган русийзабон котибаларнинг «Ў», «Қ», «Ғ», «Ҳ» ҳарфларини билмаслиги ва ўзбек исмларини нотўғри талаффуз қилиши сабаб бўлган-лиги ҳаммага аён. Шунинг ортидан «Жўра»ни «Жора», «Ғолиб»ни «Голуб», «Тўлқин»ни «Тулкин», «Қобул»ни «Кабул», «Ғаффор»ни «Гафар», «Иброҳим»ни «Ибрагим» дея ёзилиши оддий ҳол сифатида қабул қилинган.
Бироқ масаланинг бошқа бир томони ҳам борки, бунга кўз юмиб ўтиш нодонлик бўларди.
Мана, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилганига салкам 30 йил тўлмоқда. Бу ўша Қонуннинг кучга кирганидан кейин туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олганлар 30 ёшга, паспорт олганлар камида 46 ёшга кирганини англатиб турибди. Ўз-ўзидан савол туғилади: нима учун бугунги мутахассислар томонидан исм-шарифларни имло қоидаларига мувофиқ ёзиш масаласи ҳамон оқсоқлигича қолмоқда? Расмий ҳужжатларни тақдим этувчи идоралар мутасадди-ю мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш жараёнида бундай нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриш пайти алла-қачон келди чоғи. Қолаверса, барчамиз ўз ота-боболаримиз исм-шарифларининг ёзувда тўғри акс эттирилиши учун курашмас эканмиз, «Исҳоқов»ни «Исаков», «Ёқубов»ни «Якубов», «Бозоров»ни «Базаров», «Муҳаммадов»ни «Магомедов», «Қозоқов»ни «Казаков» каби аждодларнинг муқаддас номларини бузиб талқин этаверамиз. Қолмишига бу фамилия эгаси қайси миллатга мансуб эканига ҳайрон ҳам бўламиз.
Абдул ҲАКИМ.

