ЮҚОРИ БАҲО
О.Келдиев номли ММТП ҳудудидаги «Эгамберди полвон Нурматов» фермер хўжалигида биринчи культивация, чуқур чизеллаш, теша чопиқ ва бошқа агротехник тадбирларни ҳамда ғўзани биринчи озиқлантиришга бағишланган кўргазмали вилоят семинари бўлиб ўтди.
Унда Чортоқ, Норин, Учқўрғон туманларидан келган соҳа мутахассислари, туманимиздаги ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Туманимиз қишлоқ хўжалиги мутахассислари томонидан яратилган янгилик – суспензия сепиш мосламаси семинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Боиси, бу мослама культивация жараёнида бевосита суспензия сепилишини ҳам таъминлайди. Бу ёқилғини иқтисод қилиш билан бирга, ниҳолни касалликлардан, турли зараркунандалардан асрашда, ғўзанинг баравж ривожланишида катта аҳамиятга эга.
Семинарда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров, Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими бошқаруви раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Қодировлар иштирок этиб, культивация ишларини тез, сифатли ўтказиш бўйича фермерлар, соҳа мутахассислари олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб бердилар.
Семинарда туман ҳокими Абдуғани Турдиев қатнашди.

