КОМПЬЮТЕР ЎЙИНЛАРИДАГИ МАНҚУРТЛИК
Бугун «оммавий маданият» таҳдиди турли йўллар билан ёшлар маънавиятига жиддий хавф соляпти. Боз устига, улар онгини заҳарлашга уринаётган турли-туман ғаразгўй кучлар кўпайиб бормоқда. Бундай вазиятда ёш авлодни салбий ахборотлар таъсиридан асраш ғоят муҳим вазифадир.
Айниқса, интернетдаги ахлоқсизликни тарғиб этувчи турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар, жангари фильмлар, ёшларни монитор олдига «михлаб» қўяётган турли компьютер ўйинлари ана шундай таҳдидларга жуда бой.
Афсуски, ана шундай сюжетли компьютер ўйинлари кўплаб ёш болаларни, ҳаттоки катта ёшли инсонларни ҳам таъсир доирасига тортяпти. Уйида, ўқиш жараёни ёки иш жойида ҳам соатлаб компьютер ўйинларига муккасидан кетган кишилар бугун кўплаб топилади. Бироқ электрон ўйин «ажойибот»ларини ҳақиқий ҳаётнинг қувонч ва ташвишларидан устун билган шахснинг инсонийлик қиёфасини йўқотиши тажрибада асосланган.
Ўша ўйинлар қоидасига кўра, «финиш»га етиш айрим ёшлар учун жиддий мақсадга айлангани ҳам рост. Миясида ўйинлардан завқланиш ҳиссини туяётган бола учун бундай «севимли» машғулотидан бўлак ҳамма нарса секин-аста аҳамиятсиз бўлиб қолади.
Маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳридаги маҳаллий компьютер ўйинлари шохобчаларининг бирида 12 соат компьютер монитори қаршисида ўтирган мактаб ўқувчиси шифохонага ҳушсиз ҳолда келтирилади ва кучли инсульт хуружи боис оламдан ўтади. Шифокорларнинг фикрича, бу фожиага боланинг виртуал оламдаги «махлуқлар» билан «жанг қилиш»га ҳаддан ортиқ даражада киришиб кетгани сабаб бўлган.
Мана, компьютер ўйинларига муккасидан кетишнинг айрим оқибатлари. Бундан англаш мумкинки, электрон ўйинлар қуршовида қолган бола фикрлаш қобилиятини аста-секин йўқотади, манқуртга айланади.
Савол туғилади: қайси ота-она фарзандига шу нарсани раво кўради? Бошқаларни билмадиму, лекин бизнинг халқимиз бу нарсага ҳеч қачон онгли тарзда йўл қўймайди. Шундай экан, фарзандларимиз тарбиясига янада эътиборли бўлайлик.
Муяссар ВАЛИЕВА,
18-мактабнинг технология фани ўқитувчиси.

