НИҚОБ ОСТИДАГИ ХУРУЖ

Маълумки, диний экстремизм, терроризм каби иллатларга бизнинг жамиятда ўрин йўқ. Қандайдир бир йўналишни бузиб талқин этган ҳолда сиёсий мақсад қўювчи ҳаракат экстремизмга олиб келишини бугун кўпчилик англаб етган. У қандай номланган ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, асосий мақсад жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимият тепасига келишдан иборат. Бу каби кўринишлардан бири миссионерликдир.

Миссионер – бирор диний гуруҳ томонидан бошқа дин вакилларини ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган шахс. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

Миссионерлар ўзларининг хушмуомалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари орқали айнан юқоридаги ҳолатлар асосида кишиларни чалғитишга уринади, ўз «ўлжа»ларининг қизиқишлари ва заиф томонларини ҳисобга олиб, дўстона муносабатга кириб олишга ва охир-оқибат уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват қиладилар.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади. Айниқса, ота-оналарнинг ўз фарзандларида соғлом эътиқодни шакллантириш, хулқи ва фаолиятидаги ўзгаришларни назоратсиз қолдирмаслик, улар онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралар таъсиридан қатъият билан ҳимоя қилишдек масалаларга алоҳида эътибор билан қарашлари уларнинг эртанги куни порлоқ бўлишини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда: «Ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ», -деб бепарво қараб бўлмайди. Озгина бепарволик, кичкина бир лоқайдлик фарзандларимизнинг миссионерлар таъсирига тушиб қолишига, зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишига замин яратиши мумкинлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик лозим.

Маъмура СИДДИҚОВА,

Наманган шаҳридаги 15-мактаб ўқитувчиси.