«ТОНГЛАРИНГИЗ ҚУЁШИ БЎЛАЙ»

Ушбу китоб 21-мактабнинг 9-«В» синфи ўқувчиси Шоҳсанам Абдуқодированинг шеърият ихлосмандларига илк туҳфаси. У китобхон, аълочи, жамоатчи ўқувчилардан. Болалигидан шеъриятга, адабиётга қизиқади. Устози Ҳилола Валиева, волидаси, 21-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шаҳлохон Мирзаева унга йўл-йўриқ кўрсатиб, иқтидори намоён бўлиши учун барча шароитларни яратиб беришади. Шоҳсанам она тили ва адабиёт, рус тили, кимё, инглиз тили фанларидан қўшимча машғулотларда қатнашади. Тил ўрганишга қизиқади. Ўтган йили «Президент асарлари билимдони» танловининг туман босқичи ғолиби бўлди. «Билимлар беллашуви»нинг туман босқичида фаол қатнашиб келади. Унинг яқинда «Наманган» нашриётида «Тонгларингиз қуёши бўлай» деб номланган шеърлар ва ҳикоялардан иборат китоби нашрдан чиқди. 21-мактабда китоб тақдимотига бағишланган тадбир адабиёт ва шеърият кечасига айланиб кетди. Унда таниқли ижодкор Васила Турдибоева, «Ёшлар нигоҳи» газетаси муҳаррири Нилуфар Ниёзова, «Аёл ва жамият» газетаси мухбири Шаҳло Тошбекова, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоев, «Китобсиз келажак йўқ!» лойиҳаси раҳбари Муҳаммадали Қамбаров, Чўртук МФЙ мутахассиси Саидахон Набиевалар иштирок этиб, ёш ижодкорга юксак парвозлар тилашди. Мактаб директори Баҳодир Холиқов бундай иқтидорли ёшлар доимо қўллаб-қувватланиши, уларнинг сафи янада кенгайишига тилак билдирди. Мактаб спортчилари, китобхон ўқувчиларининг чиқишлари тадбирга ўзгача мазмун бағишлади.

Наргиза РАҲМАТОВА,

2-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.