Азиз муаллим

Сабру матонатнинг тимсоли ўзинг,

Камтарликнинг ёрқин мисоли ўзинг,

Ҳаёт машъалидир ҳар битта сўзинг,

Эй азиз устозим, азиз муаллим.

Ҳаётни ўргатиб чекасан заҳмат,

Бир ҳарф ўргатмоқ қанча машаққат,

Серсавол болага қиласан тоқат,

Эй азиз устозим, азиз муаллим.

Оддийлик, соддалик сенга хос хислат:

Қалбингда эзгулик ва яхши ният,

Бу йўлда бир умр чекасан заҳмат,

Эй азиз устозим, азиз муаллим.

Ҳамма ухламоқда, сен эса уйғоқ,

Бедорликка чорлар эртанги сабоқ,

Елиб-югурасан, билмайсан чарчоқ,

Эй азиз устозим, азиз муаллим.

Шогирдларинг турар қўли кўксида,

Бу кун ашъорлари сенга бахшида,

Касбингни мадҳ этиб ёздим қасида,

Эй азиз устозим, азиз муаллим.

Саида ДОРИББОЕВА,

2-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.