ПАХТА ТЕРИШ – САВОБЛИ АМАЛ

Миллий бойлигимиз, юртимиз тинчлиги ва равнақининг бош омили бўлган пахтамизни нест-нобуд қилмай, тезроқ териб олиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи, десак хато бўлмас. Чунки унинг фойдасини бутун халқ кўради: пахтанинг матосини киямиз, ёғини истеъмол қиламиз, чигити билан чорвамизни боқамиз. Туғилган янги чақалоқни ҳам, умрини яшаб  ўтган юртдошимизни ҳам пахта матосига ўраймиз. Мана шунинг ўзи пахтанинг нақадар муқаддаслигини билдиради. Пахта режалари бажарилса, бутун элнинг юзи ёруғ бўлади, бажарилмаса, хижолат тортамиз.

Бизнинг Хизиробод маҳалламизда ташкил этилган 72-отрядга бирлашган аҳоли вакиллари юқоридаги фикрларни қалбларига жо қилишган. Улар «Хизиробод Сора толаси» фермер хўжалиги далаларида ҳар дақиқани ғанимат билиб, 100 кг.дан ошириб пахта теришяпти.

Бу хайрли ва савобли ишда Қутбинисо Йўлдошева, Гулчеҳра Мамакаева, Гулнора Ҳайдарова, Назирахон Отахонова, Алишер Мамакаевлар, ёш теримчилардан Шаҳноза Темирова, Гулмира Қаҳҳорова, Маҳфуза Қаҳҳорова, Шоира Ғайбуллаева, Маъмура Убайдуллаева, Розия Азизовалар кунлик теримда 120 кг.гача пахта териб, ҳам эл-юртга, ҳам ўзларига фойда келтирмоқдалар.

Буларга: «Ҳимматингизга балли, азизлар!»-деймиз.

Отрядимиз аъзолари терим чоғида қўшиқ ҳам  тўқишибди. Бир эшитиб кўринг-а!

Пахта – ғурурим, ҳам ифтихорим,

Таомим мазаси, ҳарир либосим.

Ҳаётим мазмуни, ҳатто ўзлигим,

Жаҳонга танилган менинг  ўзбегим.

Муборакхон СИДДИҚОВА,

72-отряд раҳбари.