ҚАРИШ ОЁҚДАН БОШЛАНАДИ
Қадимги Хитойда шифокорлар инсон организмининг қариши оёқдан, асосан, товондан бошланишини аниқлаганлар.
Қадимги Хитой табобати қонунларига кўра, барча аъзоларнинг ўз вазифасини қониқарли бажариши учун масъул бўлган фаол нуқталар инсон товонида жойлашган экан. Агар товон фаол ҳаракатда бўлмаса, яъни «шуғулланиб» турмаса, бутун организмнинг нафас олиши қийинлашади ва аъзоларнинг «кексайиши» тезлашиб кетади. Бунинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак?
Бу ҳақда Хитой табобати донишмандлари қуйидагича маслаҳат берадилар:
1-маслаҳат. Гимнастика
Оёқнинг учида, товонида, шунингдек оёқ кафтининг ички ва ташқи қисмларини босиб юриш жуда муҳим. Бу машқ оёқ мушаклари ва суягини мустаҳкамлайди. Оёқда қон айланишини равонлаштиради ва шу орқали ички аъзолар ишини яхшилайди.
2-маслаҳат. Зарбалар
Ҳар куни оёғингиз учига уришни машқ қилинг. Бунда оёқ бармоқлари ёстиқчасига эҳтиёткорлик билан уришни унутманг. Бу ишни имкон қадар қўл билан эмас, балки кичикроқ резина ёки ёғоч тўқмоқча билан бажаринг. Булар топилмаса, жўвасимон буюм ёки бутилка билан бажаринг. Бу иш вужудингиз бўйлаб ёқимли илиқлик пайдо бўлгунга қадар давом этади.
Мазкур машқ хитой табобатида оёқ ва бутун танада қон айланишини яхшилашда энг яхши восита ҳисоб-ланади. Кимда кўриш қобилияти пасайган бўлса, оёқнинг иккинчи ва учинчи бармоқларига ҳар куни қўшимча беш дақиқа юқоридаги зарба бериб борилади. Оёқнинг ана шу қисмида кўз билан рефлектор боғланишли жой мавжуд. Бошқа аъзоларда муаммо бўлган чоғда ҳам юқоридаги зарбалар ёрдам беради.
3-маслаҳат. Уқалаш
Шунингдек, оёқ кафтларидаги асосий нуқталар (юн-цюань)ни мунтазам уқалаш ғоят фойдалидир. Бу зарурий нуқталарни оёқ кафтларининг ўрталаридан топиш мумкин.
Уқалашни қуруқ усулда, яъни нуқтани тинимсиз 20 мартагача босиб бажарилади. Бунда аввал бир оёқни, сўнг бошқасини уқалаш лозим. Машқ эрталаб ва кечқурун адо этилиши мақсадга мувофиқ. Ортиқча куч сарфлашнинг ҳожати йўқ.
Мазкур уқалаш машқини нам усулда бажарса ҳам бўлади. Бунинг учун тоғорага 38 даражадаги иссиқ сув қуйилади ва оёқни қизаргунча солиб ўтирилади. Сўнг бош бармоқлар билан юн-цюань нуқталарини тинимсиз 80 марта босиб уқаланади. Охирида оёқ кафтларини қўл билан 3-5 дақиқа давомида силаш яхши самара беради.
4-маслаҳат. Пиёда сайр
Албатта, оёқ, товон ва бутун бадан саломатлигининг бош омили – давомли равишда пиёда юриш, яъни сайр ҳисобланади. Агар бу ишни ялангоёқ ҳолда сўқмоқларда, майсазорларда, сув бўйларида бажарсангиз, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳа, дарвоқе, контраст ванна: иссиқ сув ва совуқ сувга галма-гал оёқ солиш ҳам ғоят фойдали.
Эслатма: юқоридаги маслаҳатларга амал қилишни ният қилсангиз, шифокорингиз билан бамаслаҳат иш кўринг, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши шубҳасиз.

