ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – КЕКСАЛАР НИГОҲИДА

Бу курраи заминда яшаётган  барча мавжудот  ўзидан  насл қолдириш, наслини сифат жиҳатдан  яхшилаб бориш ҳақида қайғуради. Тафаккур соҳиби бўлмиш ягона жонзот – инсон бу ишни онгли равишда амалга оширади. Бу борада ҳар бир халқ, миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одат ва удумлари, аждодларидан қолган мероси, ҳаётий тажри-балари бор. Ғуруру фахр ила айти-шимиз мумкин, бизким, ўзбеклар бола тарбияси, фарзандлар камолоти соҳасида бебаҳо улкан меросга, дунё халқлари ҳавас қилгудек удумларга эгамиз. Фикримнинг исботи сифатида айтмоқчиман: бутун умрини жаҳон халқларининг урф-одати, ахлоқ-одобини ўрганишга бағишлаган испаниялик бир файласуф олим бизнинг юртимизга ҳам келиб, Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлган экан. Юртига қайтиб боргач: «Ҳозиргача ўрганган, тадқиқ қилган барча ишларимни 15 ёшли ўзбек қизалоғининг ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб, чой узатишдаги одобига, назокатига алмаштиришга рози эдим», -деган экан.

Халқимиз ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, оилада, кўча-кўйда, таълим масканларида турли давралар, анжуманларда, тўй-маърака, маросимларда, бундай гўзал ва назокатли, бошдан оёқ миллий одобга йўғрилган кўринишлар керагича топилади.

Қувонч билан айтишимиз мумкинки, миллий одобимиз қоидаларининг бир қанчаси бугунги ҳаётимизда кенг қўлланиляпти, таассуф билан айтишимиз лозимки, талай қимматли урф-удумларимизга эътибор камайиб бормоқда. (Ёш оналар боласини тескари кўтаряпти. Бу мексиканча сериал таъсири).

Бизнинг энг катта ютуғимиз, асрлар оша сайқал топиб келган бойлигимиз борки, буни келажакда ҳам эҳтиётлаб, унга оғишмай амал қилсак, миллатимиз, ўзлигимиз, ўзига хослигимиз дунё тургунча туради. Бу бешта адолатли тенгсизлик тамойилидир. Бу тенгсизлик эр-хотин ўртасидаги, ота-ўғил, она-қиз, катта фарзандкичик фарзанд ва устоз-шогирд ўртасидаги тенгсиз-ликдир. Ғарбда бундай тенгсизлик йўқ. Улар адолатли тенглик деб жар солаётган тамойил аслида кўплаб ғавғоларни келтириб чиқариши билан оила муқаддаслигини емиришга хизмат қилмоқда.

Ота-она ва болалар ўртасидаги меҳрсизлик, қариндошлараро меҳр-оқибатнинг йўқлиги, бир жинсли никоҳлар, коммунал оилалар, жамоавий оилалар, мактаблардаги ўқувчилар жиноятчилиги ва бошқа ахлоқсизликлар фикримизнинг далилидир.

Шу ўринда айтгимиз келади: демократия размерсиз пайпоқ эмас!

Биздаги оилаларнинг тинчлиги, тотувлиги, қут-барака ва бошқалар ана шу тенгсизлик мевасидир. Ўзбекона демократиямизнинг мағзи ҳам шунда. Қайси оилада шу тамойил бузилса, тинчлик йўқолади, тотувлик барҳам топади, қут-барака кўтарилади.

Ҳозирги давримиз ота-оналарининг айримлари бола тарбияси борасида эътибор қаратмаётган ёки эътибор қаратишга вақт тополмаётган долзарб масалалар борки, булар қуйидагича:

-бола тарбиясини у туғилмасдан олдин бошлаш;

-боланинг умумий ҳолати, ҳиссиёти, кайфиятидан доимо хабардор бўлиш;

-боланинг ёш хусусиятларини, ёшига қараб ўсиб бораётган эҳтиёжини ҳисобга олиб бориш;

-бола билан ота (она) ўртасида ишончли муносабатларни доимий сақлаш;

-ҳар бир яхши-ёмон воқеа-ҳодисани бола билан муҳокама қилиш, унинг нуқтаи назарини, ёндашувини билиш, нотўғри ёндашса, тўғрилаб бориш;

-боланинг боғчада тарбиячиси билан, мактабда устози ва руҳшунос билан эринмай алоқада бўлиш, ҳамкорлик ўрнатиш;

-фарзандларга ортиқча моддий бойлик қолдирмаслик, тақсимотда адолатли иш кўриш («Энг ширин нон – ўзинг ишлаб топган нон», деган ўгитни бола руҳиятига сингдириш).

Аллоҳ фарзандни ота-онага ишониб, неъмат қилиб беради. Ота-она ким бўлмасин, унинг дунё ҳаётидаги, Аллоҳ олдидаги энг катта масъулияти, бу – унинг фарзанди. Қолган ҳаммаси иккиламчидир. Боласини чиройли тарбия қилмаган ота-она Аллоҳ неъматига беписандлик қилган бўлади. Шу ўринда давримиз характеридан келиб чиқиб, таъкидлашни лозим топдим: айрим замондошларимиз фарзанди камолини, келажагини, саломатлигини, тарбиясини зукко устозларга эмас, қандайдир темир-терсакка, яъни компьютер ва телефон ўйинларига топшириб қўймоқдалар. Уларга шундай дегим келади: ҳой, биродар, сизга рисоладаги, давр талабидаги фарзанд керак бўлса, қўлидаги телефонни олиб қўйинг (аслида бузғунчи ўйинлари бор телефонни тошга уринг, кейин хурсанд бўласиз). Акс ҳолда келажакда ҳеч нарсага яроқсиз бир нотавон жисмга эга бўлиб қоласиз!

Маълумотингиз учун айтиб қўяй: телефонга «ўйинлар» ўрнатган ихтирочилардан бири ўз фарзанди қўлига ҳеч қачон телефон бермас экан! Бизда ёшлар таълим-тарбиясида яна бир муҳим тизим борки, бу «Устоз-шогирд» муносабатлари тизимидир. Бу тизим инсоният тарихининг илк даврларидаёқ бошланган.

ХI асрда яшаган донишманд Юсуф Хос Хожиб:

Яна бир ҳикмат бор: Ҳазрати одам –

Билим, ақлу идрок сабаб муҳтарам.

Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлар,

Билим қайда бўлса, буюклик бўлар, -деб ёзган эди.

Дарҳақиқат, инсон билим олиш, олган билимини амалда қўллаш ва бошқаларга ҳам ўргатиш билан улуғ ва муҳтарам бўлади. Шу боис устозлар ҳамма юртларда, айниқса, икки бор Ренессанс даври кечган бизнинг заминда ғоят улуғланган. Улар олдида нафақат фарзандлар, балки ота-оналар ҳам таъзимда бўлганлар. Устоз шаъни, илми, меҳнати, ҳунари қадрланган. Уларни мазах этувчи латифалар тўқилмаган. Устозлар ёшларга нафақат билим беради, балки уни одам қилади, ҳаётда ўз ўрнини топишга йўллайди, элга қўшади.

Устозларнинг бола учун қилган хизматини ота-она қилолмайди. Устоз ва шогирднинг бир-бирига ҳамоҳанг гўзал мақсад-муддаолари бўлади. Бу мақсад-муддаолар қачонки ўқиш-ўрганиш ва ўргатиш жараёнида устоз шогирдни ўз фарзандидек кўролса, шогирд устозини ота-онаси ўрнига қўёлса, ҳосил бўлади. (Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг Самарқандда Фазлуллоҳ Абулайс билан Ҳиротда Абдураҳмон Жомий билан бўлган устоз-шогирдликлари ота-болаликка айланиб кетганлиги ёрқин мисолдир).

Устознинг улуғлигини ҳазрат Навоийчалик ҳеч ким таърифлай олмаган:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Шу ўринда айтиб ўтмасам бўлмас. Ҳозирги даврда таълим муассасаларида устоз-шогирдликнинг тарихий ва анъанавий жиҳатларидан бехабар, устоз-шогирдликнинг замонавий усулларини эгалламаган «устозлар» онда-сонда бўлса-да, учрайдики, бу анча ташвишли ҳолат. Ўзим гувоҳ бўлганларим: педагогик жамоаларда ўқувчилар орасида маънавий-маърифий ишлар олиб боришга вақти йўқ синф раҳбарлари, ўқувчини нос ва тамаки олиб келишга юборувчи муаллим, ўқувчисининг қаерда юргани билан иши йўқ фан ўқитувчиси, афсуски, учраб турибди. Бундайлар: «Ўқитувчининг хатоси учувчининг хатосидан қимматга тушади», -деган иборанинг мағзини чақиб, хулоса ясаб олсалар, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам фойда бўлади. Чунки давр, жамият, Президент ҳар бир фуқарога, ҳар бир мутасадди шахслар зиммасига улкан масъулият юкламоқда. Буни кўтара олмайдиган, қўлидан келмайдиган одамлар қўлидан келган бошқа иш қилишлари лозим бўлади. Масъулиятнинг энг вазмини ёш авлод таълим-тарбиясига жавобгар бўлганлар зиммасига тушади.

Тарихдан, тажрибалардан маълумки, болалар ота-онага эмас, кўпроқ бобо ва момоларга ўхшаб кетаркан. Ота-она гапига кирмаган бола бобоси ёки бувисининг йўлига юради. Шунинг учун ёшларимиз тарбиясига биз, фахрийлар ҳам тўлақонли масъулмиз. Тарбия борасида фарзандларимиз, устозлар эътиборидан четда қолган масалаларни бизлар ҳал этишга кўмаклашсак, буюк келажакни яратишга ҳисса қўшамиз, авлодларимиз бизни ҳам эслаб юрадилар.