ОЗОДАЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ
Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори туман ва шаҳарлар санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, 2017-2021 йилларда чиқинди билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришни янада кучайтиришга қаратилган.
Жумладан, мазкур қарор билан дастур ва лойиҳалар тасдиқланди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун бир триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Мазкур қарорнинг амалга оширилиши туфайли қуйидаги муҳим натижаларга эришилади:
Биринчидан, аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва полигонларда утилизация қилиш хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилади.
Иккинчидан, санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ихтисослаштирилган ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари филиаллари махсус техникалар (чиқинди ташиш ва ассенизация машиналари) ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун электромеханик элак қурилмалари билан тўлиқ таъминланади.
Учинчидан, қаттиқ маиший чиқиндиларни органик ўғитларга айлантириш учун бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга эришилади.
Тўртинчидан, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакатимиз бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.
Мухтасар айтганда, ушбу қарорнинг қабул қилиниши юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этиши йўлидаги улкан амалий қадамдир.
Абдулаҳад АБДУРАҲМОНОВ,
туман Кенгаши депутати.

