АЛИМЕНТ ВАҚТИДА ТҒЛАНМАГАЧ…
Оила, никоҳ бузилса, энг оғир юк фарзандга тушади. Мурғак қалб кемтик муҳитда вояга етади. Аксарият ҳолларда ота меҳридан мосуво бўлиб улғаяди. Жамиятимизда фарзанд асосан она қарамоғида қолгани боис, отанинг юки енгил. Фақат у фарзанд таъминоти учун ажратилган алимент пуллари билан таъминлаб турса, бас.
Ҳамюртимиз Д.Н. биргина алимент пулини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини ҳам бажаришдан бўйин товлади. Собиқ турмуш ўртоғи қарамоғидаги бир нафар фарзанди учун тўланмаган алимент миқдори 4 йил мобайнида 7485715 сўмга етди. Масъулиятсиз ота бундан кейин ҳам ушбу масалага бефарқ юраверарди, агар вазиятга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари аралашмаганда.
Ушбу иш туман маъмурий судида кўриб чиқилди. Айбланувчи Д.Н. фарзанди учун 4 йиллик алимент пулларини тўлашга ваъда бергани, ўз қилмишидан пушаймонлиги эътиборга олинди. Унга Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг тегишли моддалари билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Қамоқда ўтирган ҳар бир куни учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида жами 414675 сўм жарима ундирилди.
Б.КАСИМОВ,
туман маъмурий суди раиси,
Улуғбек ВАЛИЕВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

