ИНСОН – АЗИЗ ВА МУКАРРАМ

«Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик». Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган тадбир ана шундай номланди. Коллеж фахрийлари Турсунбой Халилов, Алфия Еникеева эъзозда бўлишди. Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, коллеж директори в.б. Мирзоҳид Зоитовлар эзгу истаклар билдиришди. Фахрийларга совғалар топширилди. Ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари барчага манзур бўлди.

***

33-мактабда 6-«Б» ҳамда 7-“А” синфлар (раҳбарлари Умида Мўминова, Дилдора Давронова) ўқувчилари иштирокида ўтказилган «Маънавият соати» эрталабки сафланишга йиғилганлар учун узоқ вақт ёдда қолса ажаб эмас. Меҳнат фахрийлари Давронбой Қодиров, Қосимжон Қориев, Сотиболди Эргашев болалик йиллари, бошдан кечирган қийинчиликлар ҳақида гапирдилар, ўқувчиларни бугунги кунлар қадрига етиб, «аъло» баҳоларга ўқишга чақирдилар.

-Барча синфларда «Ватанпарварлик ва жасорат» дарсларини ташкил этдик, -дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фотима Ҳусанова. -Шунингдек, фронт орти меҳнат фахрийларидан Наримон Абдуллаев, Холмирза Фозилов, Мамадамин Мергановларнинг хонадонларига ўқувчиларимиз бориб, уй юмушларида уларга кўмакдош бўлишди.

***

Уйчи қишлоғидаги «Шаршара» масканида шу қишлоқ ҳудудидаги барча маҳаллалар, туман марказидаги «Ҳамроҳбегим» мажмуасида Уйчи шаҳарчасининг Навоий, Ҳуррият, Беруний, Шифокор, Боғ маҳаллалари ҳамкорлигида ўтказилган хотира ва қадрлаш кечалари йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди.

***

 

 

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлимларда ҳам тадбирлар уюшқоқликда ўтди.

-Туманимиз тиббиёти ривожига кўп йиллар самарали ҳиссасини қўшиб, бугун роҳат-фароғатда яшаётган фахрийларимизни доимо қадрлаб, эъзозлаймиз, -дейди хирургия бўлими катта ҳамшираси Ширмонхон Ғаниева. -Бўлимимизда уюштирилган тадбир биз кутгандан ҳам мазмунли ва файзли бўлди. Бўлим мудиримиз Маҳаммаджон Қурбонбоев бошчилигида Бекмирза Отамирзаев, Ғофуржон Йўлдошев, Кароматхон Жўраева, Шарофатхон Ҳайитматова, Кароматхон Ҳайитбоева, Муҳаббатхон Раҳимова, Кимёхон Нуриддинова каби тиббиётимиз жонкуярлари байрам дастурхонимиз тўридан жой олишди. Собиқ ҳамкасблар дийдорлашиб, дилдан суҳбат қурдилар.

Муҳаммад АЛИ.

***

Файзиободлик уруш қатнашчиси Юсуфжон ота Усмонов набираларига урушнинг машъум хотираларидан кўзларида ёш билан сўзлайди. Байрам арафасида коллежимизнинг бир қатор ўқитувчи ва ўқувчилари отахоннинг хонадонига ташриф буюришди.

Тинчликнинг қадрини уруш оловига кириб чиққан, ажал сўқмоғидан омон қайтган инсончалик ҳеч ким тушуна олмаса керак.

Юсуфжон ота Усмонов ҳам Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм балосини ер юзидан супуриб ташлашда муносиб улуш қўшган. Табаррук 95 ёшни қаршилаган бобо бугун фарзандлари, бир этак невара-чеваралари ардоғида. Ёшларни дуо қилишдан чарчамайди.

Шу куни йўқлаб келган коллежимиз директори Б.Алиматов бошчилигидаги бир гуруҳ ҳамкасблар отахоннинг кўнглини шод этишди, келгуси ишлари ривожи учун оқ фотиҳасини олишди.

Наргиза ҚОЗИРАҲИМОВА,

Ёрқўрғон иқтисодиёт ва компьютер технологиялари КҲК директорининг ўринбосари.

***

«Камолот» ЁИҲ туман кенгаши қошидаги «Ёшлар ижтимоий хизматлари маркази»миз аъзолари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Жакбарали ота Юсупов хонадонида бўлишди. Отахон жанггоҳлардаги жасорати, бугунги саодатли кунларга шукрона келтириш ҳақида сўзлаб берди.

Жакбарали отага марказимизнинг эсдалик совғасини топширдик.

Акмалжон МАМЕДОВ,

«Ёшлар ижтимоий хизматлари маркази» координатори.

***

Мактабимизда «Хотира марафони» ташкил қилинди. Унда 5-9-синфлар ўқувчилари иштирок этдилар. Ўғил болалар 3 км. га, қиз болалар 2 км. га югурдилар. Марафондан кўзланган мақсад «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти «Спорт, саломатлик ва экология» йўналиши иш фаолиятини янада кучайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш ишлари самарасини ошириш, ўқувчиларнинг баркамол ва соғлом бўлиб вояга етишида жисмоний тарбия-нинг аҳамиятини тушунтириш, болалар ва ўсмирлар ўртасида спортга бўлган меҳр-муҳаббатни оширишдан иборат бўлди.

Якунда ўғил болалардан Анваржон Юнусов 1-, Бекзод Неъматов 2-, Миржалол Иззатиллаев 3-ўринларни, қизлар ўртасида Сар-виноз Обидова 1-, Умида Аббосхўжаева 2-, Мафтуна Одилжонова 3-ўринларни эгалладилар. Мусобақада фаол иштирок этган ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Гулмира НУРИДДИНОВА,

43-мактаб ёшлар етакчиси.

***

Масканимизда «Хотира ва Қадрлаш куни» муносабати билан бошланғич синф ўқитувчиси Саидахон Нишонова раҳбарлигидаги 3-«Б» синф ўқувчилари иштирокида «Хотира – абадий, қадр – муқаддас» номли кеча ўтказилди. Унга фахрий ўқитувчилар, марҳум устозларнинг оила аъзолари таклиф қилинди.

Тадбирда ўқувчилар томонидан Ватан, тинчлик, фаровон ҳаётни улуғловчи, шукроналикка йўғрилган шеър, куй-қўшиқ ва рақслар, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Кечада туман халқ таълими МФМТТЭ бўлимининг маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича шўъба раҳбари Оловиддин Очилов, муаллима Малика Нормирзаевалар сўзга чиқиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, мактабнинг фидойи, жонкуяр ўқитувчи ва мураббийларини хотирладилар, уларнинг ижобий фазилатлари ҳақида гапирдилар.

Насибахон АҚИЛОВА,

1-мактаб директори.

***

Коллежимизда бўлиб ўтган тадбирда масканимизга кўп йиллар директорлик қилган Аниса Аҳмедова, Юнусхон Дарвишев, Неъматилла Темировлар ҳамда Муборак Олиғжонова, Собитхон Қориев, Фазлиддин Баҳромовлар ёдга олиниб, уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, иш фаолиятлари ҳақида ўқувчиларга маълумотлар берилди.

Шу куни ўтганлар хотирасига бағишлаб туманимиздаги барча коллежлар ўқувчилари ўртасида баскетбол мусобақаси ўтказилди. Якунда коллежимиз жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.

Зулфияхон ҚЎЧҚОРОВА,

Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи АРМ раҳбари.

Суратларда: байрам тадбирларидан лавҳалар.