ТАЪЛИМ БИЛАН АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларининг кўп жиҳати қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда шарт-шароитлар яратилади. Бинобарин, етакчи фермерлар тажрибасини оммалаштириш, ёшлар ўртасида фермерлик ҳаракатини ривожлантириш мақсадида Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида «Таълим билан амалиёт устозлар нигоҳида», «Томорқадан даромад олиш сирлари» мавзуларида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Улуғбоев, «Олтинбой Комронмирзо» фермер хўжалиги раҳбари Абдумутал Қурбонов ҳамда вилоятдан ташриф буюрган мутасаддилар иштирок этишди.

Малакали мутахассислар ва тажрибали фермерлар ўқувчи-ёшларга қишлоқ хўжалигига замонавий техника ва технологияларни киритиш, янги интенсив усулларни жорий этиш борасидаги концепцияларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурида фаол қатнашиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Достонбек  АҲМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши бош мутахассиси.