МАЪНИСИЗ ҚЎШИҚЛАР
Ўтмишда бир шоҳ саройига душман айғоқчиси ўрнашиб олибди. Шоҳга мулозимлари орасида хоин борлиги тўғрисида маълумот сирли равишда етиб келибди. Аммо унинг кимлигини топиш муаммо бўлибди. Шоҳ махфий равишда беклар орасидан бегона юрт вакилини топишга кўпгина изқуварларни жалб этибди. Аммо вақт ўтиб борса ҳамки, ижобий натижа бўлмабди. Айғоқчи юрт аҳлининг дунёқараши, дини, урф-одати, тилини шу қадар мукаммал ўзлаштирган эканки, уни топиш игна билан қудуқ қазишдек мушкул бўлибди. Шунда шоҳ саройда базму жамшид уюштирибди. Унга ҳамма сарой амалдорларини таклиф этибди. Зиёфат авжига чиққанда юртнинг машҳур ҳофизини чорлаб, қўшиқ айттирибди. Барчани зимдан кузатган шоҳ айғоқчини аниқ топибди ва базмдан кейин уни ҳибсга олдирибди. Вазирлар шаҳаншоҳдан бу донолик кароматини сўрашганда шоҳ шундай дебди:
-Мен барчангизни кузатдим. Ҳамма қўшиқ оҳангидан сармаст бўлиб, оҳиста чайқалиб ўтирди. У эса оёғи учини ерга уриб, қўшиққа жўр бўлаётганига гувоҳ бўлдим.
Буни қарангки, қўшиқ тинглашнинг ҳам ўз одоби бор. Ўзбек халқининг мусиқий санъатини тушунишнинг ўзи мушкул. Унинг минг бир жилоси-ю, сир-синоати мавжуд. Мана шу сабаб ҳам у дунё мусиқа оламида бетакрор, бебаҳодир…
Умрбоқий қўшиқ яратилиши учун юқори савияда ёзилган шеър, унга лойиқ басталанган куй ва моҳир ижрочи ҳамоҳанглиги ниҳоятда зарур. Балки шунинг учун бўлса керак, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳамроқулов каби ўнлаб миллий қўшиқчилик санъати дарғаларининг асарлари авлоддан авлодга ўтиб ҳам ўз мухлиси, шинавандасини йўқотмай келмоқда.
Ўзбек мухлиси ўта талабчан, зеҳни ўткир, таъби нозиклиги билан доимо ҳофизу хонандаларни қўшиқчилик санъатига ниҳоятда эҳтиёткорлик, шу билан бирга, юқори масъулият ва талабчанлик билан ёндашишга, ўз устида тинимсиз ишлашга мажбур қилиб келади.
Кейинги пайтларда савиясиз, бачкана, ҳаёсиз матнга эга қўшиқларнинг пайдо бўлганига балки ўша томошабин томонидан талабчанликнинг бўшаштириб юборилаётгани ҳам сабаб бўлаётгандир. Миллий қўшиқчилигимизнинг ўзига хос жиҳатларидан бири унда менталитетимизга мос бўлган шарму ҳаё, ибо, андишанинг бош планга кўтарилиши, ҳис-туйғу, дард-ситамнинг оғриқларини парда остида яшириб намоён қилиш билан характерланади.
Қуйидаги каби баъзи бир қўшиқларда эса ана шу чегара бузиб ташлангандай тасаввур бор:
Ҳовуз бўйида челак,
Ёрга етишмоқ тилак.
Икки кўнгил бир бўлса,
Совчи деган на керак?
Ҳовуз бўлса, челак бўлса, тилак бўлса, совчининг нима кераги бор, деган иборанинг мазмуни жумбоқли туюлмасмикин?
Ёки:
Ўйнаб, жўшиб муҳаббатнинг ўтида,
Иккимизнинг ёнганимиз бошқача.
Ишқ ўйнашиб, лабларимиз болидан
Хумор-хумор қонганимиз бошқача,
-дея куйланаётган ашулада нимани намойиш этилмоқчи-ю, нима тарғиб қилинмоқчи?
Ушбу қўшиқдаги аёлнинг “изтироблари”га бир қулоқ тутинг-а:
Бир кунгина, бир кун, холос,
Мен учун, жоним, илтимос,
Охиргиси, охирги бор,
Келгин, жоним, бағрингга бос.
Бундай мисраларни куйлашга аёл киши тугул, ориятлироқ эркак хонанда ҳам жазм этмаса керак.
Юқорида эл орасида анчагина танилган, қулоқларимиз ўрганиб қолган оммалашган қўшиқлардан айримларини мисол келтирдик. Бундан асосий мақсад шуки, ёшларимизни «Бўм-бўм-бўм…», «Пистани қандоқ чақарлар», «Азизим, алда, эркала…» каби мағзи саёз ашулаларга ружу қўйишда айблаймиз, уларни танқид остига оламиз. Бироқ миллий мусиқа санъатига ўзимизнинг муносабатимиз қай даражада эканига объектив баҳо бермай қўйдик, фарзандларниям асл санъатни қалбакисидан ажратиб олишга, унинг туб моҳиятини ақлан ва руҳан англаб етишга ўргатмаяпмиз, ундамаяпмиз. Бундан кўриниб турибдики, миллий қўшиқчиликни ривожлантиришда шоир, бастакор, хонанда билан бирга тингловчи, яъни бизнинг ҳам баробар вазифамиз, масъулиятимиз бор экан.
Абдул ҲАКИМ.

