ҚУЮШҚОНДАН ЧИҚҚАН БАР ЭГАСИ

Жамоат жойида юриш-туриш одоби, тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳақида авваламбор аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари мутасаддилари хабардор бўлишлари лозим.

Туманимиздаги кўнгилочар масканлардан бирининг иш бошқарувчиси С.Р.нинг бошига тушган кўнгилсизликлар кутилмаганда юз берди. Барга маст ҳолда кириб келган Д.М. ўзининг хатти-ҳаракатлари билан атрофдагиларнинг кайфиятини бузди. Уни тартибга чақириш истагида вазиятга аралашган С.Р. ҳам ҳақоратлар билан «сийланди». Шунда ўзини тута олмаган бар эгаси тартиббузарни дўппослашга киришди. У Д.М.ни ўз қўли билан жазолашга ўтди. Бундай вазиятда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига  хабар берганда эди, С.Р. айбдор, Д.М. жабрланувчи бўлмасмиди балки?

Нима бўлгандаям, С.Р.нинг ўзбошимчалиги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларини бузганликда айбдорликка олиб келди. Жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукми билан С.Р. тегишли жазога тортилди.

Ж.МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.