ЁШ ПЕДАГОГ МАҲОРАТИ

Олийгоҳни шу йил тамомлаб, педагогик фаолиятини ўзи ўқиган 6-мактабда бошлаган ёш, изланувчан ўқитувчи Шерзодбек Набиевнинг 7-«Б» синфдаги очиқ дарсини кузатар эканман, кўнглимдан ёш ўқитувчига нисбатан илиқ фикрлар ўтди. Дарсда ўқитувчи ўқувчилар билан дўстона муҳит ярата олди. Синф хонаси керакли, дарсга оид кўргазмалар, компьютер ва видеопроектор каби техник воситалар билан жиҳозланган. Коммуникатив ёндашувга асосланган дарс самарали ўтиши учун ўқитувчи синф ўқувчиларини 2 та гуруҳга бўлди. Дарс мавзуси «Sport: for and against» бўлгани учун 1-гуруҳ «For», 2-гуруҳ  «Against» деб номланди.

Ўқувчилар ўз фикрларини кластер усулида, «ақлий ҳужум» методи асосида ёритиб бердилар. Бу ўқувчиларнинг гуруҳларда ишлаш кўникмаларининг шаклланишига ёрдам берди. Улар ўз фикрларини тақдим этдилар. Саволларга жавоб бердилар. Тақдимот даврида грамматик қурилмалар мустаҳкамланди. Ўқитувчи мавзуга оид «Sport is fun» мавзусида расмли тест орқали янги тест ўтказишга эришди. Ўқувчилар билими «smile» («Табассум») карточкалар бериш билан баҳоланди. Спортга оид ранг-баранг расмлар ўқувчиларга ўз фикрини ифодалаш учун яхшигина восита бўлди.

Ўқитувчи ўз олдига қўйган мақсадига эришди ва ривожлантирувчи мақсадни амалга оширишга оид уй вазифаси – мустақил кроссворд тузишни топширди. Ёш ўқитувчидан янада қизиқарли дарслар кутиб, унга омад тилайман.

Муаззам СОБИРОВА,

6-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.