ГЎЗАЛ ҚИЁФАНГИЗНИ БУЗМАНГ
Ҳозирги ёшларимизнинг маънавий ҳаётига таҳдид солаётган балолардан бири «оммавий маданият» деб номланган антимаданият ҳодисасидир. Бу бизнинг қадим буюк аждодларимиздан, улуғ алломаларимиздан мерос асл инсоний фазилатлар ила йўғрилган қимматли шарқона маданиятимизга кушанда бўлган «оломон маданияти»дир. Унинг ёқимсиз, ғашга тегувчи кўринишлари ёшларимизнинг кийинишларида, хатти-ҳаракатларида, алмойи-жалмойи сўзларида ва минг афсуски, муқаддас динимизда гуноҳи азим бўлган, эътиқодли, одобли халқимиз учун мутлақо ёт амал – терига суратлар, ҳарфлар чиздириш кабиларда намоён бўлмоқда.
«Татуировка» деб аталган (шукрки, тилимизда бу атаманинг ифодаси йўқ) терига чизиш, аввало, халқимизга ёт қусур ҳамда муқаддас динимизда гуноҳ амал ҳисобланади. Ҳар бир банда Аллоҳ қандай яратган бўлса, асл ҳолатини сақлаб қолмоғи лозим, ҳар қандай татуировка, пластик жарроҳлик, турли-туман бўёқлар Яратганга қарши чиқиш демакдир. Мусулмон фарзанди бу фикрлардан хулоса чиқариб олиши хўп яхши ишдир.
Кўча-кўйда қўлига, кўксига, елкаси, бўйни ва бошқа жойларига илон, чаён, бургут, ўргимчак ёки тушунарсиз сўзлар, ота-онаси яхши ният ила қўйган исмини русча ёки инглизчага ўхшатиб ўзгартириб ёзилганини кўриб қоламиз. Бу, албатта, телевизор ёки интернетда кўрганларига тақлид натижасидир. Ахлоқ-одобли, камтар, билимли шарм-ҳаёли йигит ёки қиз бу ишни қилмайди. Татуировка ўйдирган кимсани суриштирсангиз, у, албатта, илмсиз, ахлоқи кемтик, тарбияси ишкал, одобсиз, ҳаёсиз, касб-кори бетайин бўлиб чиқади. Шу боис ёшларимизга уларга эргашмаслик, тақлид қилмаслик, миллий менталитетимизга путур етказмаслик ва гуноҳга ботмасликни маслаҳат берамиз.
Унутмаслик лозимки, «оммавий маданият» кўринишларининг аксарияти, жумладан, татуировка қилиш узоқ муддатли қамоқхоналардаги ашаддий жиноятчиларнинг бекорчиликдаги эрмаклари ва тарбиясизликлари мевасидир. Рисоладаги, имон-эътиқодли инсон бундай ҳолатдан жирканиши табиий.
Шуниси ҳам борки, бадандаги айрим белгилар бузғунчи, қонунбузар, худо-бехабар жиноий гуруҳларнинг рамзий белгиси ҳам ҳисобланади. Улар ўз гуруҳи учун маълум белгини, суратни чиздириш билан гуруҳдошларини таниб оладилар.
Тиббиётда эса танага игна билан ишлов бериш чоғида турли юқумли ва бедаво касалликларга чалиниш хавфи бир неча марта ортиб бориши аллақачон аниқланган.
Азиз ёшлар! Сиз ўзбек фарзандисиз. Дунё халқлари бизнинг энг яхши урф-одатларимизни ҳавас қилиб, ўрганиб, ўз ҳаётига татбиқ этаётган пайтда сиз қандайдир бетайинларга эргашиб, Аллоҳ яратган гўзал қиёфангизни бузманг!
Ҳамидилло БОБОМИРЗАЕВ,
31-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

