ШИФОКОРЛАРГА ЭҲТИРОМ
11 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан «Хизробод» тантаналар мажмуасида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов, туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар сўзга чиқиб, туманимиз тиббиёти жонкуярларини касб байрамлари билан самимий табрикладилар. Бир гуруҳ илғорларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Шунингдек, байрам муносабати билан 35-сонли оила поликлиникаси (ОП) «Йилнинг энг намунали оила поликлиникаси», Ахси ҚВП умумий амалиёт шифокори Умидахон Абдужамилова «Йилнинг энг намунали умумий амалиёт шифокори», 33-сонли ОП катта ҳамшираси Умида Раҳмонова «Йилнинг энг намунали катта ҳамшираси», «Тез ёрдам» бўлими врачи Саломат Абдураҳимова «Йилнинг энг намунали тез тиббий ёрдам шифокори», беморларни қабул қилиш бўлими врач терапевти Адҳамжон Иномов «Йилнинг энг намунали ёш шифокори», туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Муқаддас Турсунова «Йилнинг энг намунали патронаж ҳамшираси», молия ҳисобчилик бўлими иқтисодчиси Маҳмудахон Отахонова «Йилнинг энг намунали ҳисобчилик бўлими ходими», ички касалликлар бўлими жамоаси «Йилнинг энг намунали бўлими», Ахси ҚВП «Йилнинг энг намунали қишлоқ врачлик пункти», туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насибахон Расулова «Йилнинг энг намунали ташкилотчиси» деб топилдилар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Байрамда соҳа илғорларидан бир гуруҳига таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раиси Мирзамаҳмуд Тўх-табоев кенгаш ҳамда «Уйчинома» газетаси таҳририятининг «Ташаккурнома»сини, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти туман бўлими ижрочи директори Ханифа Ғаниева эсдалик совғаларини топширдилар.
Шодиёнада туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари маданий хизмат кўрсатишди.

