ДУНЁНИ ЖИЛВАКОР АЙЛАЙДИ
Бола тарбияси азалдан муҳим вазифа саналган. Таълим-тарбияда оила ва мактаб ҳамкорлиги қанчалик заруратга айланса, бу борада беминнат дўст, маслаҳатчи, яқин сирдош китобдир. Китоб чин маънода тарбиянинг асосини ташкил этади. Ўқув жараёнида дарсликлар билан бир қаторда бадиий асарларни ўқиш ўқувчи билим даражасини оширади, нутқини бойитади.
Ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндалари асарларини бугун қўлма-қўл бўлиши қувонарлидир. Айниқса, ёшларнинг китоб мутолаасига берилиши, кутубхоналар томон ошиқиши эртамиз кишиларининг юксак маънавиятли бўлишидан дарак беради. Бола ўқимоқдами, билингки, унинг дунёқараши ўзгаради, энг яхши фазилатларни ўзида жамлашга интилади. Китоб ўқувчининг инсоний туйғуларини тарбиялайди, табиатида ижобий ўзгаришлар ясайди, бола қалбида эзгулик, одамийлик ва олижаноблик япроқларининг ёзилишига туртки бўлади. Кўп китоб ўқийдиган болалар китоб ўқимайдиганларга қараганда дунёни бошқача рангларда кўради ва қабул қилади. Бугун биз ўқувчиларимизни китобхон бўлишга даъват этар эканмиз, аввало, ўқитувчининг ўзи китобхон бўлиши лозим. Буюк адиб Асқад Мухтор: «Китоб бойлик, сотиб олингани эмас, ўқилгани», -дея эътироф этар экан, чиндан ҳам, китоб ҳар бир ўқувчининг қалб бойлиги, асосий ўқув қуроли бўлиб қолиши керак.
Наимахон ИЗЗАТИЛЛАЕВА,
31-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.

