КИМ БЎЛСАМ ЭКАН?

Тарбиячи Мадина Рўзиқулова томонидан болаларни ёшлик чоғлариданоқ касб-ҳунар танлашга тайёрлаш, касбни эл корига ярайдиган томонлари мавжудлигини тушунтириш мақсадида 1-кичик гуруҳ болалари иштирокида «Ким бўлсам экан?» мавзусида очиқ машғулот ўтказилди.

Дастлаб болаларни гуруҳ хонасига мусиқа жўрлигида таклиф қилинди. Янги педагогик технологиялардан фойдаланиб, интерфаол усулда қатнашувчилар гуруҳларга ажратилди. Бунда олма, анор, лимон, шафтоли расмларини стол устига қўйиб, болаларга мевалар расми солинган карточкалар тарқатилди. Болалар расмга қараб, ўз столларига ўтирдилар. Тарбиячи касблар ҳақида суҳбат ўтказди. Болалар ўзлари орзу қилган касблари ҳақида гапирдилар. Сўнг монтес сория усулида эртак сюжетларини қирқиб тайёрланганини ўзлари териб, тайёрлаб, эртаклар шаклини чиқардилар. Ҳар бир гуруҳ «Зумрад ва Қиммат», «Ўр тўқмоқ», «Шолғом», «Икки эчки» эртакларининг мазмунини қисқа ҳикоя қилиб берди.

-Дунёда машҳур ҳунарманд усталар, моҳир касб-ҳунар эгаларини етиштиришда, -дейди МТМ мудираси Маҳмуда Қаҳҳорова, -ота-оналар, тарбиячи, педагогларнинг ҳамкорликда иш олиб боришининг аҳамияти каттадир. Уларнинг асосий бурчларидан бири болаларга касб-ҳунар ўргатиш, меҳнатга бўлган қизиқишларини уйғотишдан иборатдир.

Азиза ЖЎРАЕВА,

27-МТМ психологи.