ЎЗ ҚОПҚОНИГА ИЛИНГАН ОЛҒИР
Ҳамюртимиз И.Д. Норин туманидаги репетиторлик марказига қатнаб юрган кезларида мактабда котиба бўлиб ишлайдиган О.Ю. билан танишади. Аввалига самимий, дўстона бошланган муносабатларига қора ният рахна солади. Бу О.Ю.нинг сиртдан ўқиш нияти борлигини айтганда содир бўлади. И.Д. норинлик танишини чув тушириш ниятида уни институтга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтади. Бунинг учун 4 минг АҚШ доллари талаб қилади. Бу ишга рози бўлган О.Ю. билан туманимиз марказида кўришишни келишиб олади. Аммо И.Д.нинг қора нияти амалга ошмайди. У келишилган пулларни санаб олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари томонидан қўлга олинади. Гувоҳ ва ашёвий далиллар асосида И.Д. айбига иқрор бўлади.
Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Фирибгар ўзи тайёрлаган қопқонга ўлжа сифатида ўзи тушиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. У энг кам ойлик иш ҳақининг 55 баробари миқдоридаги 10136500 сўм жарима тўлайдиган бўлди.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

