ДУНЁҚАРАШИ ЎЗГАРМОҚДА
Мактабимизда «Мен шу азиз Ватан фарзандиман!» шиори остида туркум маънавий-маърифий тадбирлар ҳар куни янги усулда ва кўтаринки кайфият билан ўтказиб келинмоқда. Ўқувчилар ўртасида турли мавзуларда учрашувлар, суҳбатлар ташкил этиляпти. 5-синфларда «Менинг Ватаним», 6-синфларда «Ватан меҳрдан бошланади», 7-синфларда «Ватанга садоқат», 8-9-синфларда «Олижаноблик – олий қадрият», 10-синфларда “Оила ва ҳаёт”, 11-синфларда «Мен ҳаётга тайёрманми?» мавзуларида суҳбатлар бўлиб ўтди. 21 ноябрь куни 10-синфлар ўқувчилари Наманган муҳандислик-технология институтида бўлиб, институтнинг ўқув шароитлари аудиториялари, спорт зали ҳамда талабалар уйи билан танишдилар. Юқоридаги тадбирлар натижасида ўқувчиларда Ватанга муҳаббат, оила, дўст ва яқинларига садоқат, ўзлари қизиққан касб-ҳунарни эгаллашга бўлган иштиёқ ва қизиқишлари ошди. Ўқувчиларнинг олижаноблик, меҳр-мурувват, инсонийлик каби қадриятларга бўлган муносабатлари янада яхшиланди.
Эътиборли томони, ўқувчиларнинг дунёқараши, ўзини тута билиши, нутқ маданияти ўзгарди. Савол-жавобларда эркинлиги, фикрини тўлақонли ифодалай олаётгани яққол сезилмоқда.
Комилжон СОЛИЕВ,
11-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

