ФИКРЛАЁТГАН ЁШЛАР

Менинг отам муҳандис-муаллим. Келажакда мен ҳам шу касбни эгалламоқчиман. Сабаби, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам бир-биридан кўркам бинолар қад ростламоқда. Осмонўпар ва бири бирини такрорламайдиган маҳобатли биноларни кўрсам, ҳавас қиламан. Уни бунёд этган ва лойиҳаларини тайёрлаган қурувчилардек мен ҳам кўпчиликка нафи тегадиган ва асрлар давомида унутилмайдиган бинолар қуришни дилимга тугиб қўйганман. Шу мақсадда бугун «аъло» баҳоларга ўқиб, тил ўрганяпман.

Яқинда Тўрақўрғондаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуаси ва музейига саёҳатга бордик. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари мени ҳайратга солди. Бундай кўркам масканлар юртимизда кўпаяверсин.

Усмонжон МОҲИРЖОНОВ,

11-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.

*****

«Йўл харитаси»да вилоятимизнинг диққатга сазовор жойлари билан биргаликда йирик ишлаб чиқариш корхоналарига ҳам саёҳатлар уюштириш белгиланган экан. Менга туманимиздаги, аниқроғи, мактабимизга яқин ерда жойлашган «Мега-текстил» корхонасига бўлган саёҳат ёқди. Бу корхонага биринчи бор киришим. Авваллари ҳам бинони ташқи томонидан  кўриб, ҳавас қилиб ўтардим. Ишлаб чиқариш жараёнларини кузатишни хоҳлардим. Аммо бунинг иложи йўқ эди. Ёш бўлганлигимиз боис корхонага киритишмасди. Устозимиз билан биргаликда ҳамма  тенгдошларим корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, бу ердаги янги технологияларни кўрдик ва кўплаб маълумотларни олдик. Қишлоғимизда шундай корхона борлигидан барчамиз ғурурландик.

Келгусида мен ҳам олий таълим олиб, ахборот технологиялари бўйича етук мутахассис бўлиш ниятидаман.

Аҳмаджон АҲМАДЖОНОВ,

11-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.