ИЧКИЛИК САБАБ ЮЗ БЕРГАН МАШМАША
Жамоат жойида тартиббузарлик ҳолатлари тез-тез содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар таркибига киради. Бунга кўп ҳолларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст-аласт аҳволда юрганлар сабаб бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Учқўрғон тумани, Мустақиллик маҳалласида кеч соат 20:30 ларда содир бўлган воқеа ҳам юқоридаги фикримизга далил бўла олади. Спиртли ичимлик истеъмолидан сўнг ўзини сархуш сезган У.Н. «текканга тегиб, тегмаганга кесак ота бошлади». Унинг рўпарасидан чиққан В.Ғ. жабрдийдага айланади. Йўқ ердан гап талашиб, можаро чиқарган У.Н. В.Ғ.нинг юзига мушт туширади. Боши билан темир устунга бориб урилган В.Ғ. оғир тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилади.
Тартиббузар У.Н. ўз хатти-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. Энди у содир этган жинояти учун жавоб берадиган бўлди.
Т.МУСТАФАЕВ,
вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник.

