ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ
Ўзбекистон халқи ўзининг кечиримли ва бағрикенглиги билан азал-азалдан довруғ қозониб келган. Мазкур инсонпарварликни жиноят қонунчилигимиз нормаларида ҳам кўплаб учратамиз.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасида кўрсатилган элликдан ошиқ жиноят таркиби юзасидан 45 та моддада назарда тутилган жиноятлар содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Шу модданинг иккинчи қисмида оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмаслиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 60-моддаси талабига кўра, шахс суд ҳукми чиққунига қадар ёки жазо ўтаётган вақтда ярашув билан тугатиладиган қилмишни содир этган бўлса ҳам, баён қилинган моддалар талаби асосида уларга ярашув қўлланилмасдан ҳукм чиқарилиши лозим. Бироқ суд амалиётида ярашув билан тугатиш ҳолатлари ҳам кузатилади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддаси 2-қисми янги таҳрирда баён қилиниб, шахснинг судланганлик ҳолати тугалланмагани ёки бошқа содир этган қилмиши учун жазо ўтаётгани ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишга тўсқинлик қилмаслиги белгилаб қўйилса, ярашув институтини қўллашга монелик қиладиган ҳолатлар умуман бўлмаслигига, қонунларнинг турлича талқин этилмаслигига, баён қилинган моддаларнинг қарама-қаршилигини бартараф этилишига хизмат қилади.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

