ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДА ҲАРАКАТЛАНИШ

Яқинда Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида «Фавқулодда вазиятлар хизматлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 2018-2019 йилларнинг куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар жумладан, ис гази ва овқатдан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ҳамда қутуриш касаллигига қарши профилактик тадбирларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари» мавзусида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

Машғулотлар жараёнида аҳоли хонадонларида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлган заҳарланиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда жабрланганларни қутқариш ишлари, газ тақсимлаш масканида газ сизиб чиқиши, юқори кучланишли нимстанцияларда электр энергияси узилиши билан боғлиқ авария, табиий газ қувурларидаги носозлик оқибатида келиб чиққан ёнғинни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди. Шунингдек, табиий ва сифатсиз консерва маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

-Бу каби ўқув-машғулотларини ўтказишдан асосий мақсад – куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, юз бериши мумкин бўлган техноген ва табиий офатларнинг олдини олиш, -дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, подполковник Улуғбек Бобажонов. -Бугунги машғулотда ташкилот ва муассасаларнинг мавсумга тайёргарлиги, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уларни тезлик билан бартараф қилиш кўникмаси синовдан ўтказилди.

Ўқув машғулотларида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов қатнашди ва сўзга чиқди.

Фаррух БОБОМИРЗАЕВ,

фавқулодда вазиятлар бўйича тумандаги масъул ходим.