МЕНДАН ЁМОНЛИКНИ КУТМА, БИРОДАР
Истеъдодли ижодкор, иқтидорли қаламкаш, ўнга яқин китоблар муаллифи Эрмамат Нурматов 1937 йилда Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилган. У 17-ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига киришга шайланаётганида Наманган давлат педагогика институти очилади.
Тўнғич фарзанд бўлгани учун отаси Нурмамат ака Эрмамат ўзимизга ўқишга топширишини маслаҳат беради.
Институтни тамомлаб, Фарғона вилоят газетасида ишлади. Ўзи ўқиган 17-ўрта мактабда она тили ва адабиёт, тарих муаллими, кейинчалик директор бўлиб фаолият юритган. Аммо шеър машқини канда қилмади. «Олмос» дея атаган биринчи китоби Республика семинарида муҳокама этилиб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан босиш учун тавсия қилинди.
1968 йилда Эрмамат Нурматовни «Наманган ҳақиқати» газетасига таклиф қилишди. У шундай деб ёзади: «Маълумки, ҳар бир ижодкорнинг ишлаш тартиб, усули бўлади. Мен бунда ҳамиша табиийликка, самимиятга интилдим. Бирон марта ҳам «Бугун фалон мавзуда, албатта, шеър ёзаман», -деб стулга ўтирганимни эслолмайман. Юрак туғёнга келганда (қувонганим ёки хафа бўлганимда) қўлга қалам тутдим. Шунданми, учрашувларда кўпинча назмларим мухлислар кўнглида ҳам акс садо берганини ҳис этаман». У яна шундай деб ёзади: «Шу ерда бир воқеани эслаш жоиз. «Девон»им чиққанда Попдаги маданият саройида Тошкентдан ташриф буюрган бир гуруҳ шоирлар билан учрашув ўтказилди. Қатнашчилар қаторида менинг исм-шарифим ҳам эълон қилинди. Мушоира якунлангач, етмишлардан ошган мўйсафид оғуш очиб, «Эрмуҳаммад сиз бўласизми? Қидириб Наманганга ўтдим, тополмадим», -деб қолди. Нима хизмат борлигини сўраганимда, «Девон» учун раҳмат айтгани боргандим», -дея мамнуният изҳор қилди. Бу мен учун катта мукофот эди».
Эрмамат Нурматовнинг асарларидан «Боқий бахт», «Яхшилик», «Муҳаббат боғи», «Соғиниш», «Оқ гулдаста», «Девон», «Фарёд», «Оқ ва қора», «Икки қутб сайланма»ларни келтириш мумкин.
-«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени дилимга фахр ўрнатди, -дея ёзади адиб. -Менга шундай бахт насиб этгани учун Аллоҳга беадад шукроналар айтаман.
Мендан ёмонликни кутма, биродар,
Бу ёздан аёзни тилашдир балким.
Ҳаёт саҳнасида у маккор ағёр,
Кўргани кўзим йўқ, отгани ўқим…
Сиғинганим каъбам яхшилик, ахир,
Бу ҳис қонларимда ўйнайди ғужғон.
Шу сўз билан илк бор тилим чиққандир,
Энг сўнгги сўзим ҳам шу бўлур, инон!
Эрмамат Нурматов дили пок одам элу юртига садоқатли бўлади, унинг хизмати, манфаати йўлида доимо камарбасталик қилади, деб ҳисоблайди. Ватанни онадай азиз кўради. Уни севмоқни иймондан деб билади. Шуни назарда тутиб, шоир ёшлар кўнглидан ватанпарварлик туйғуси жўш уришини истайди.
Обида ХОЛИҚОВА,
Чортоқ тиббиёт коллежи ўқувчиси.

