МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ

Туман ҳокимлигида мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги ПФ-5468-сонли Фармони мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун ставка 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилди. Бунинг натижасида корхоналарнинг фойдасидан тўланадиган солиқ суммаси камайиб, ортган қисми корхона ихтиёрида қолдирилиб, уни ривожлантиришга сарфланишига замин яратилади.

Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган солиқ ставкасининг 5 фоизга пасайтирилиши ҳисобига корхона ва инвесторларнинг ихтиёрида кўпроқ маблағ қолишига олиб келади.

Шу кунга қадар умумий солиқ тўловчи корхоналар (ягона солиқ тўловчилардан ташқари) оборотидан давлат мақсадли жамғармалари (пенсия жамғармаси, йўл жамғармаси ва таълим-тиббиётни ривожлантириш жамғармалари)га 3,2 фоиз миқдорида мажбурий ажратма тўлар эди. 2019 йилдан бу мажбурий тўлов тури бекор қилинди ва маблағлар корхоналарнинг ихтиёрида қолдирилади.

Тизимдаги бир қатор янгиликлар мутахассислар томонидан тушунтириб ўтилди. Йиғилишда вилоят молия бошқармаси давлат бюджет даромадлар базасини мустаҳкамлаш ва бюджетлараро муносабатлар бўлими бошлиғи Элдор Маматқулов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти, иқтисодиёт фанлари номзоди Муҳаммаджон Қосимов, туман молия бўлими мудири Дилмурод Нурматовлар сўзга чиқиб, йиғилганларнинг саволларига жавоб қайтардилар.