ЧЕГАРАЧИЛАР ДАВРАСИДА

Ватан сарҳадларини қўриқлаш, халқ тинчлигини сақлаш қадимдан ғоят шарафли, савобли ва муқаддас бурч ҳисобланади. Айниқса, ҳозирги тинчлик ва тараққиётга бўлган хавф-хатар кучайган даврда бу бурч янада масъулиятлироқ бўлиб қолмоқда.

Ватан посбонларининг ана шу масъулиятларини янада орттириш мақсадида туман ҳокимлигининг тарғибот гуруҳи туманимиздаги  ҳарбий қисмга ташриф буюрди. Гуруҳ аъзолари чегарачилар ҳаёти, уларга яратилган шароит билан танишгач, аскарлар билан мулоқот ташкил этдилар.

Туман ҳокими ўринбосари Ҳамидулла Абдуллаев, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусова, бўлинма бош мутахассиси Дилмурод Абдуқаҳҳоров, тарғиботчи, меҳнат фахрийси Ўринбой Мўминов ва 36-мактаб ўқитувчиси Маъсудахон Тошбоевалар иштирок этган мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси-нинг яратилиши жараёни, унга асос бўлган манбалар, унинг тузилиши, мазмун-моҳияти ҳамда мамлакатимиз ривожидаги аҳамияти мулоқот тарзида ёритиб берилди.

Тадбир сўнгида аскарларга, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига китоблар совға қилинди.

Отабек АБДУКАРИМОВ,

ҳарбий қисм хизматчиси.