ПАРТИЯ ТАШАББУСИ БИЛАН

26 декабрь куни ЎзЛиДеП туман кенгаши ташаббуси билан «Хизробод» тантаналар мажмуасида Янги йил байрам шодиёнаси бўлиб ўтди.

Тўкин байрам дастурхони атрофида Наманган илмий-тажриба станцияси, «Уйчи обод замини», «Янгиер шафоати», «Беқиёс мунаввар замин» фермер хўжаликлари ишчи-ходимлари, пахта йиғим-теримида жонбозлик кўрсатган Хизробод, Янгиер МФЙлари фаоллари, партия туман кенгашидан халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашларига сайланган депутатлар, фермерлар вакиллари, Ровот шаҳарчаси ҳудудидаги оилавий поликлиника ҳамда хусусий гинекология шифохонаси тиббиёт ходимлари жам бўлдилар.

Шодиёнада туман ҳокимининг ўринбосари Раънохон Назарова, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши вакиллари Орифжон Маҳмудов, Абдулатиф Раҳмонов, вилоят Кенгаши депутатлари Равшан Абдуллаев, Маъмура Турғунова, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Эътиборхон Юнусова ҳамда бошқалар самимий тилаклар билдиришди.

Уч юзга яқин киши қатнашган тадбирда Қорбобо ва Қорқиз томонидан Янги йил совғалари улашилди.

Тадбир ташкилотчиси – ЎзЛиДеП туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати Барнохон Мирзамованинг бу хайрли ташаббуси барча иштирокчиларни беҳад қувонтирди ва бундай шодиёналар 2019 йилда ҳам бардавом бўлиши тиланди.