СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ

36-мактабгача таълим муассасасида ўтказилган туман семинари айни шу мавзуда бўлди.

Очиғи, мазкур семинарда иштирок этиб, муассасада амалга оширилган ишлар билан бевосита танишиб,  ошпазларнинг  маҳорати-ю иқтидорига қойил қолдик. Ўтган йили мукаммал таъмирдан чиққан муассаса ошхонасида яратилган шарт-шароитларга гап йўқ. Бош ошпаз Хосият Акбарова, ёрдамчи ошпаз Ҳилола Тўхтабоева, ҳамшира Соҳиба Холбоеваларнинг қўли қўлига тегмайди. Сабаби, улар бир кунлик тайёрланган таомномада ҳар бир бола учун белгиланган меъёрни таъминлашни бош мақсад қилиб олишган.

-Мазали таомлар тайёрланиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати доимий назоратимизда, -дейди муассаса мудираси Зарифахон Темирова. -Ҳаттоки энг тансиқ таомларни ҳам тайёрлаяпмиз. Болаларнинг соғлом бўлиши учун  ўзимизнинг боғимизда етиштирилган, қуритилган маҳсулотлардан компот тайёрлаб берамиз.

Дарҳақиқат, бугун туманимиздаги қайси мактабгача таълим муассасасида бўлманг, соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича ибратли ишлар олиб борилаётганининг шоҳиди   бўласиз. Бу келажагимиз эгаларига бўлган ғамхўрликнинг ёрқин кўринишидир.