ФАОЛИЯТИМИЗДА МУҲИМ ДАСТУРИЛАМАЛ
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигининг янада ишончли ҳимоясини таъминлаш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, аҳолида миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни таъминлаш мақсадида қабул қилинган мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
2018 йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январига қадар ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги уюшқоқликда ташкил этилмоқда.
Дастурда белгилаб берилган байрам тадбирларини «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» деган умумий ғоя остида ташкилий жиҳатдан юксак савияда амалга оширилиши, унга кенг аҳоли қатламларини, айниқса, ёшларни жалб қилган ҳолда уюшқоқлик билан тайёргарлик кўриш ва сифатли ўтказиш масалаларига асосий эътиборни қаратмоқдамиз.
Туман ўқув спорт-техника клубимизда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг тегишли талабномаси ва унинг иловасида кўрсатиб ўтилган бандлар юзасидан тадбирлар режамизни ишлаб чиқдик ва шу асосда иш олиб боряпмиз. Режага мувофиқ ташкилотга янги қабул қилинган ва ёш ишчи-ходимлар билим, малакасини ошириши, юклатилган вазифаларни тўғри бажариши ва муҳитга мослашиши учун «Устоз – шогирд» анъанасига кўра малакали катта ўқитувчи, ўргатувчи усталарга бириктирилган. Шунингдек, уларни доимий кузатиб, камчиликларини тўғрилаб, кўрсатмалар берилмоқда. Тадбирлар доирасида ташкилотнинг китобхонлар бурчагида ишчи-ходимлар ўртасида «Мен севиб ўқиган китоб» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унга туманимиз ижодкорларидан таклиф қилдик, улар янги ёзган шеърларидан ўқиб беришди. Суҳбат давомида ишти-рокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Режага асосан ҳамкор ташкилотлар – туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман халқ таълими бўлими, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси билан биргаликда жойларда мусобақалар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Спортнинг ўқ отиш тури бўйича туман биринчилиги мусобақаси кўтаринки руҳда ўтказилди. Мусобақада юздан ортиқ спортчи қатнашди. Унинг якунига кўра қиз болалар ўртасида (2004 йил туғилган ва ундан ёшлар) Уйчи маиший хизмат КҲКдан М.Фазлиддинова, Ғайрат педагогика коллежидан Г.Олимова, 6-мактабдан Р.Каримова, ўғил болалар ўртасида (2005 йил туғилган ва ундан ёшлар) 6-мактабдан И.Иномхўжаев, Д.Қутбиддинов, А.Аббасовлар ғолиб бўлишди. Аёллар ўртасида (2004 йил туғилган ва ундан катталар) 1-мактабдан К.Шуҳратова, 26-мактабдан Л.Иброҳимова, 6-мактабдан М.Муҳиддинова, эркаклар ўртасида Уйчи саноат, транспорт ва алоқа КҲКдан У.Ҳабибуллаев, 6-мактабдан С.Неъматуллаев, Уйчи маиший хизмат КҲКдан А.Собиржоновларга тенг келадигани топилмади.
Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилари туман ЎСТКнинг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ёшларни юртга муҳаббат ва садоқат, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бош мақсадимиз. 2019 йилда ҳам бу шарафли ва машаққатли йўлда доимо изланиб, фаолият юритамиз ва яхши натижаларни қўлга киритамиз, деган умиддаман.
Исмоил МАВЛОНОВ,
туман ЎСТК бошлиғи.

