Истак

Балоғатга етганда ҳар ўғлон, ҳар қиз,

Умрдоши ҳақида ўйларкан  тез-тез.

Барно йигитлар кирар қиз тушига,

Қандай қизлар ёқаркин йигит ҳушига?

Маълум давр бўларкан бу муаммолар,

Муаммонинг ечими – тўй-томошолар.

Энди десангиз, бордир менда ҳам орзу,

Орзуларга етаклар ички бир туйғу.

Танлаганим бўлмасин асло пакана,

Топишлари ҳам бўлмасин ҳеч чакана.

Сочлари жингалак бўлсин, кал бўлмасин,

“Подружка” қилганимда ишкал бўлмасин.

Хода ютгандек новча, дароз бўлмасин,

Бемаҳалда қичқирган хўроз бўлмасин.

Ичсин, майли, аммо уйни топиб келсин,

Алпоқ-чалпоқ гап халтасин ёпиб келсин.

Армияга борган бўлса, кўнгил тўлар,

Кир ювишни обдон билиб келган бўлар.

Машинаси бор-йўқлиги муҳим эмас,

-Иномарка бўлса, -деган бор зўр ҳавас.

Қорачами, сариқми-топармон бўлсин,

Бақалоқми, ориқми-тутармон бўлсин.

Гапирганимда қулоқ солиб, жим турсин,

Кийимига ўзи боплаб дазмол урсин.

Ошхонани қўлга олса – менинг бахтим,

Шундай йигит умр бўйи орзу, аҳдим.

Қайда бўлса шундай йигит, беринг хабар,

У ҳам мендек қизни орзу этса агар,

Топишамиз, аҳду-паймон бойлашамиз,

Тўйга келинг, ўйнаб-кулиб, чойлашамиз.

Қиз истакларини оққа кўчирувчи:

Ўринбой МЎМИНОВ.